Жаҳон | 08:03 / 12.08.2022
8802
3 дақиқада ўқилади

Навалний колонияда бир кишилик касаба уюшмасини тузди

«Саноат зонаси» касаба уюшмаси жазони ижро этиш тизими корхоналарида ишлайдиган фуқаролар, яъни маҳкумлар ва колония ходимлари учун яратилган, деди мухолифатчи сиёсатчи Алексей Навалний.

Фото: Picture Alliance

Владимир областининг Мелехово шаҳридаги 6-сонли қаттиқ тартибли колонияда жазо муддатини ўтаётган россиялик мухолифатчи Алексей Навалний «Саноат зонаси» деб номланган «маҳкумлар ва қамоқхоначилар касаба уюшмаси»ни тузди. «Салом, бу Навалний, ахлоқ тузатиш тизими корхоналарида ишлайдиган фуқароларнинг «Саноат зонаси» касаба уюшмаси раҳбари ва асосчиси», — деб ёзди сиёсатчи 10 август, пайшанба куни Twitter’да.

У ўз ҳаракатини Россия қамоқхоналарида 600 мингга яқин одам эксплуатация қилинаётгани билан изоҳлади, бироқ қўриқчилар манфаатларини ҳимоя қилишдан мамнун бўлишини ҳам қўшимча қилди. «Хўш, нега йўқ? Мен колония ишчисиман. Тикувчиман. Бошқа маҳкумлар ҳам ишчилар. Қўриқчилар ҳам колония ишчилари. Меҳнат ҳуқуқи бўйича биз фарқ қилмаймиз. Ўз ҳуқуқларимизни ҳимоя қилиш учун касаба уюшмаси тузишимиз мумкин», - деди Алексей Навалний. 

Аввалига 6-сонли колония маъмурияти Навалнийнинг расмий баёнотини ҳазил сифатида қабул қилди, кейин эса касаба уюшмаси ташкил этилишини «ноқонуний» деб эълон қилди. «Кейин мени ҳар куни интизом комиссиясига чақириб, турли расмий сабабларга кўра танбеҳ беришни бошлашди: форма қоидасини бузганлик ва ҳоказо. Сўнг бутун бир делегация менинг казармамга келиб, менга «тайёрланаётган жиноятдан тийилиш ҳақида огоҳлантириш»ни тантанали равишда топширди. Уни мен касаба уюшмасини тузиб, тайёрлаётган эканман. Тўғрисини айтсам, маҳкумлар касаба уюшмасидан маъмуриятдан кўра кўпроқ қўрқиб кетди», - деди Навалний ва қўшимча қилди: «Ҳар сафар у ҳақида гапирганимда, менинг қотилларим қайғу билан: «Алексей, илтимос, тўхта. Сен туфайли улар бизни ҳеч қачон қўйиб юборишмайди ва ҳаммаси ёмон тугайди».

Мухолифатчининг сўзларига кўра, касаба уюшмаси аллақачон биринчи ғалабани қўлга киритди: колония маъмурияти тикувчилик цехидаги курсиларни суянчиқли стулга алмаштириб берди. «Агар сиз кунига етти ёки саккиз соат тикув машинасида ўтирсангиз, ишонинг, бу муҳим», — деб ёзган Навалний. Кейинги қадам бутун Россия бўйлаб табуреткаларни стуллар билан алмаштириш бўлади, дея ишонч билдирди сиёсатчи.

Шунингдек, Алексей Навалний ижтимоий тармоқларда Жазони ижро этиш федерал хизмати (ЖИФХ) директорига, шунингдек, 6-сонли колония раҳбарига касаба уюшмаси ташкил этилгани ҳақида билдиришнома юборганини эълон қилди. 

Унинг матбуот котиби Кира Ярмиш Навалний ҳақида сиёсатчининг бошқа маҳбуслар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга содиқлиги ҳақида гапирар экан, «Алексей - жуда зўр», деди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид