Жамият | 09:13 / 16.10.2022
7523
1 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда содир бўлган ЙТҲда йўловчи вафот этди

Lacetti машинаси ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб йўл четига ағдарилиб кетган. Оқибатда, ҳайдовчи шифохонага ётқизилган, йўловчи эса вафот этган.

Қашқадарё вилояти ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, 2022 йил 14 октябрь куни соат 14:00 ларда, 4Р-79 Қарши-Чироқчи-Шаҳрисабз автомобил йўлининг Ғузор тумани ҳудудидан ўтган 25-километрида одам ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

Ҳайдовчи Э.Х. ўз бошқарувида бўлган Lacetti билан ҳаракатланаётиб Ғузор тумани Қовчин қишлоғи ҳудудида ҳаракатланиб келаётиб бошқарувни йўқотган. Шундан сўнг машина йўл четига чиқиб кетиб ағдарилган.

Lacetti ҳайдовчиси тан жароҳати олиб шифохонага ётқизилган. Унда йўловчи сифатида кетаётган Х.Э. оғир тан жароҳатлари олиб, шифохонада вафот этган.  

Қайд этилишича, ҳозирда ҳодиса юзасидан Ғузор тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Аввалроқ, 4Р-79 Қарши-Чироқчи-Шаҳрисабз автомобил йўлининг Қамаши туман ҳудудидан ўтган қисмида содир бўлган ЙТҲда Nexia-2 машинаси уриб юборган велосипед ҳайдовчиси вафот этганди.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид