Ўзбекистон | 10:11 / 17.10.2022
7872
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарё вилояти ҳокимига янги ўринбосарлар тайинланди

Вилоят ҳокимининг Ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлари бўйича ва қурилиш масалалари бўйича ўринбосари вазифасидан озод этилиб, уларнинг ўрнига янги ўринбосарлар тайинланган.

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбарининг хабар беришича, бугун, 2022 йил 17 октябр куни ўтказилган ҳокимлик соатида вилоят ҳокимининг икки нафар ўринбосари лавозимидан озод қилиниб, уларнинг ўрнига янги ўринбосарлар тайинланган.

Қашқадарё вилояти ҳокимининг Ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Рустам Йўлдошев бошқа ишга ўтиши муносабати билан вазифасидан озод этилган. Унинг ўрнига Анвар Қобилов тайинланган.

Анвар Қобилов / Қашқадарё вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Анвар Қобилов 1979 йил туғилган. 2001 йил Тошкент автомобиль йўллар институти, 2003 йил эса мазкур олийгоҳнинг магистратура босқичини ҳамда 2010 йил Хитойнинг Жонгнан иқтисодиёт ва ҳуқуқ университетини, шунингдек, 2014 йил президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясини тамомлаган.

У тайинловга қадар президент Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази вилоят филиали мудири лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.

Шунингдек, Қашқадарё вилояти ҳокимининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари Акбар Эшонқулов ҳам бошқа ишга ўтиши муносабати билан ўз вазифасидан озод этилган. Унинг ўрнига Муродулла Азизов вилоят ҳокими ўринбосари этиб тайинланган.

Муродулла Азизов / Қашқадарё вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Муродулло Азизов 1971 йил туғилган. 1993 йил Тошкент молия институтини тамомлаган. У тайинловга қадар «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти тижорат департаменти бошлиғи ўринбосари — маркетинг бўлими бошлиғи лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.

Бундан ташқари, фуқаролар мурожаатлари билан ишлашдаги камчиликлари учун Чироқчи тумани ҳокимига «ҳайфсан» эълон қилинди. Шу билан бирга, туризм соҳасидаги камчиликлари учун вилоят ҳокимининг туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосарига ҳам «ҳайфсан» берилди.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид