Жаҳон | 09:16 / 29.11.2022
8917
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Финландияга 320 миллион долларлик ракеталар сотади

Финландияга 90 га яқин замонавий ракеталарни етказиб бериш энди АҚШ Конгресси томонидан тасдиқланиши керак.

Фото: Raytheon

АҚШ Давлат департаменти Финландияга 323 миллион доллар (319 миллион евро) миқдорида ракеталар ва турли хил қуроллар сотишни маъқуллади. Бу ҳақда 28 ноябрь, душанба куни АҚШ Мудофаа ва хавфсизлик бўйича ҳамкорлик агентлиги (DSCA) сайтида маълум қилинди.

Энди бўлажак келишув Конгресс томонидан тасдиқланиши керак. Етказиб беришлар орасида 40 дона AIM-9X Sidewinder Block II қисқа масофали бошқариладиган ракеталар, улар учун тўртта тактик бошқарув блоки, 48 та AGM-154 JSOW тактик ракеталари, шунингдек, турли ўқув ва қўллаб-қувватлаш ускуналари, эҳтиёт қисмлари бор.

Пентагоннинг таъкидлашича, эҳтимолий сотув «АҚШнинг ташқи сиёсати ва миллий хавфсизлигини қўллаб-қувватлайди», Финландияни "ҳаво-ҳаво" ва "ҳаво-ер" синфидаги қуроллар билан кучайтиради, шунингдек, АҚШнинг Скандинавия мамлакатлари билан муносабатларига ижобий таъсир қилади. 

«Финландияга кучли ва тайёр, ўз мудофаа қобилиятини ривожлантириш =амда қўллаб-қувватлашга ёрдам бериш АҚШ миллий манфаатлари учун жуда муҳим», дейилади идора баёнотида ва эҳтимолий сотув «минтақадаги асосий ҳарбий мувозанатни ўзгартирмаслигини» таъкидлади.

Қурол сотуви ҳақидаги эълон Россиянинг Украинага бостириб кириши фонида пайдо бўлди, бу Финландия ва Швецияни нейтрал мавқедан воз кечиб, НАТОга аъзо бўлиш учун ариза беришга ундади, деб ёзади AFP.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид