Жаҳон | 07:54 / 01.12.2022
4387
2 дақиқада ўқилади

Алексей Навалнийга колонияда хотини юборган хатлар берилмаяпти

Мухолифатчи сиёсатчининг рафиқаси Instagram'да эри энди ундан хат олмаётганидан шикоят қилган хабарни жойлаштирди. Юлия Навалная Россия колонияларининг маъмуриятларини кескин танқид қилди.

Фото: AP

Россиялик таниқли мухолифатчи, Владимир вилоятидаги ахлоқ тузатиш колониясида (ИК) жазо муддатини ўтаётган Алексей Навалний рафиқаси Юлиядан хат олишни тўхтатди. 30 ноябрь, чоршанба куни Юлия Навалная ўзининг Instagram саҳифасида турмуш ўртоғи хатини жойлаштирди, унда у энди ундан мактуб олмаётганидан шикоят қилади ва ҳазиллашиб, унинг хотинини топиш учун маҳбуслар ёзишма орқали турмуш қуриш мақсадида фойдаланадиган газеталар манзилларини юборишни сўрайди.

Юлия Навалная буни қуйидагича изоҳлади: «Алексейга хатларимни беришмаяпти. Ҳеч бўлмаганда, адвокатлар орқали шунчаки хат бермасликларини айтиш имконига эгаман. Тасаввур қилинг, улар адвокатлари умуман йўқ бошқа маҳбуслар билан қандай муносабатда бўлади. Масалан, колония бошлиғи Фомин ёқтирмаса, у юборилган хатларни бериш керак эмаслигини айтиши мумкин. Жиноятчиларни қайта тарбиялашнинг ажойиб тизими. Биринчи навбатда, тарбиячиларнинг ўзларини қайта тарбиялаш керак, чунки улар тарбиячи эмас, оддий қийноққа солувчилар».

Алексей Навалний муддатини Владимир вилояти Мелехово қишлоғидаги қаттиқ режимли колонияда ўтамоқда. ОАВ хабарларига кўра, ушбу ахлоқ тузатиш колониясида маҳкумлар мунтазам равишда қийноққа солинади.

Август ойи ўрталаридан бери Навалний турли майда қоидабузарликлар учун етти марта жазо камерасига жўнатилган. 17 ноябрь куни сиёсатчи ПКТга (камерали хона) - аслида бир кишилик камерага ўтказилганини айтди. ПКТга ўтганлиги сабабли Навалний қариндошлари билан узоқ учрашувдан маҳрум бўлди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид