Жаҳон | 22:09 / 01.12.2022
5779
2 дақиқада ўқилади

АҚШ молия вазирлиги: Россия нефтининг нархи 60 доллар қилиб белгиланади 

Россия нефтини сотиб олмоқчи бўлган давлатлар ушбу нархдан кўпроқ тўлашига йўл қўйилмайди. 

Фото: РИА Новости

Россия нефтининг энг юқори нархи бир баррел учун 60 доллар бўлади ва келажакда унинг қийматини ўзгартириш имконияти ҳам сақлаб қолинади. 

Бу ҳақда АҚШ молия вазирлиги хабар берди. Шу билан бирга, департаментнинг таъкидлашича, Европа Иттифоқи ҳам «Полшанинг эътирозларига қарамай», 5 декабрга қадар Россия нефтига якуний нарх чегарасини келишиб олади. 

«Биз 60 доллардан бошлаймиз ва вақт ўтиши билан Россия даромадларини чеклаш учун нархнинг юқори чегарасини ўзгартириш имкониятига эга бўламиз», деди Молия вазири ўринбосари Уолли Адейемо онлайн конференцияда. Унинг сўзларига кўра, нарх даражасини қайта кўриб чиқиш «вақти-вақти билан» амалга оширилади. 

Аввалроқ, Европа Иттифоқи давлатлари Россия нефтининг бир баррели учун 60 доллардан кўп бўлмаган юқори чегарани келишиб олгани, бироқ, Полша бундай нархни юқори деб ҳисоблаб, рози бўлмагани ҳақида хабар берилган эди. 

Россия президенти Владимир Путин ушбу ташаббусни изоҳлар экан, Россия ўз манфаатларига зид равишда хорижга ҳеч нарсани сотмаслигини айтган. 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид