Жаҳон | 17:35 / 01.12.2022
6989
4 дақиқада ўқилади

Лавров Россия ва Ғарб ўртасидаги муносабатлар тикланишини рад этди

ЕХҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашига ташриф буюриш учун виза берилмаган Россия ташқи ишлар вазири яқин келажакда Россия ва Ғарб Европа хавфсизлиги бўйича биргаликдаги ишларни тиклай олмаслигини айтди.

Фото: РИА Новости

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров «яқин келажакда» Европа хавфсизлиги соҳасида Ғарб билан қўшма ишни тиклаш имкониятини истисно этди. Бу ҳақда Россия ТИВ раҳбари 1 декабрь, пайшанба куни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ)га аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг (ТИВК) Полшада иш бошлаши фонида маълум қилди. Тадбирда қатнашиш учун Лавровга виза берилмади.

«Агар қачондир бизнинг ғарбий қўшниларимиз - қўшничиликдан эса қочиб қутулиш имкони йўқ - ва собиқ ҳамкорлар тўсатдан Европа хавфсизлиги бўйича қўшма ишларни тиклашдан манфаатдор бўлишса, бу тикланмайди, сабаби тикланиш аввалги ҳолатга қайтиш дегани бўлади. Лекин одатдагидек, олдингидек иш бўлмайди», деб ҳисоблайди Лавров.

Унинг сўзларига кўра, Россия «қачон ва агар Ғарб қандайдир ўзаро келишилган асослар бўйича қўшни бўлиш яхшироқ эканини англаб етса» Ғарбнинг таклифларини тинглашга тайёр. «Бу принципиал жиҳатдан янги бошланишлар бўлиши аниқ. Яқин келажакда бундай ўзаро ҳамкорлик учун имконият бўладими ёки йўқми, билмайман», - деди Россия ТИВ раҳбари.

Ноябрь ойида ЕХҲТга 2022 йилда раислик қилувчи Полша ҳукумати Россия делегациясига Россиянинг Украинага бостириб кириши учун киритилган санкциялар туфайли вазирлар кенгашининг 29-йиғилишида иштирок этиши учун виза бермади ва буни Россияни имкон қадар «изоляция қилиш» истаги билан изоҳлади.

«Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг бу йиғилиши, яъни унда Европа хавфсиз бўлиши муҳим бўлган давлатлар тўпланади ва Россия бунга қарши. Унинг бутун ташкилотга мутлақо зид бўлган манфаатлари бор», - дея ўшанда таъкидлаган эди Полша ташқи ишлар вазири ўринбосари Павел Яблонский.

Кремль ушбу қарорга жавобан, бу «безовталик келтира олмайди» ва «ташкилот сифатида ЕХҲТ учун катта бош оғриғи» деб атади. «Масъулият билан айтишим мумкинки, Полшанинг ЕХҲТга раисликка қарши чиқиши бу ташкилот тарихидаги энг ёқимсиз ўринни эгаллайди. Ҳеч ким ЕХҲТга унинг бошида турган ҳолда бундай зарар етказмаган», - дея изоҳ берди Лавровнинг ўзи қарорга. У «ЕХҲТ асосий ҳужжатларининг руҳи ва ҳарфи оёқости қилинганини» таъкидлаган.

Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба, ўз навбатида, саммитнинг биринчи кунида яна ЕХҲТни Россияни ташкилотдан чиқаришга чақирди. «Россияга нисбатан ҳамма нарса синаб кўрилди: рози бўлиш, кўнглини кўтариш, меҳрибончилик қилиш, бетараф бўлиш, ўзига ром қилиш, нарсаларни ўз номи билан атамаслик. Хулоса: ЕХҲТ ўз фаолиятини Россиясиз давом эттирса яхши бўлади», деб ёзди у.
 
Ноябрь ойи охирида Европа Иттифоқи парламенти Россияни терроризмнинг ҳомийси сифатида тан олиш ҳақидаги резолюцияни қабул қилди. Шундай қилиб, Европарламент депутатлари Россия президенти Владимир Путин ва Россия ҳукуматини халқаро трибунал олдида жавобгарликка тортиш учун йўл очиш ниятида, дея тушунтирди Европарламент.

НАТО Парламент ассамблеяси ҳам резолюцияни қабул қилди, унда альянсга аъзо давлатлар ҳукуматлари ва парламентлари «ҳозирги режим остидаги Россия давлати террорчи давлат эканлигини аниқ таъкидлаб ўтишга» чақирган. Ҳужжатда Россия тажовузи учун махсус халқаро трибунал яратиш зарурлиги қайд этилган.

Октябрь ойида Европа Кенгаши Парламент ассамблеяси (ЕКПА) ҳам Россия режимини «террорчи» деб атаган резолюцияни бир овоздан маъқуллаган эди. Айрим давлатлар даражасида Литва, Латвия, Чехия ва Эстония парламентлари Россияда ҳукмронлик қилаётган режимни террористик режим сифатида тан олди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид