Жаҳон | 15:51 / 02.12.2022
11525
2 дақиқада ўқилади

Германия Украинага яна еттита Gepard қурилмасини етказиб беради

Йил бошидан бери Германия Украинага 1,9 миллиард евродан ортиқ миқдорда қурол-яроғ етказиб берди.

Фото: Reuters

Германия Украинага яна еттита Gepard ўзиюрар зенит қурилмаси ва 100 минг дона шахсий тиббий ёрдам тўпламини етказиб беради. Бу Германия ҳукумати томонидан 1 декабрь, пайшанба куни эълон қилинган етказиб бериладиган буюмлар рўйхатида белгилаб қўйилган.

Янги етказиб бериш рўйхати «тайёрлаш/бажариш» бўлимида кўрсатилган. Ҳукумат хавфсизлик нуқтайи назаридан ёрдам ҳақиқий узатилгунга қадар ташиш усуллари ва саналари ҳақидаги тафсилотларни эълон қилишдан тийилишини таъкидлади. 

Der Spiegel маълумотларига кўра, утилизация қилиниши режалаштирилган еттита Gepard ўзиюрар зенит қурилмаси ҳозир Мюнхеннинг Krauss-Maffei Wegmann (KMW) қурол компанияси томонидан таъмирланмоқда ва улар баҳорда Украинага етказилиши керак. Айни пайтда Украина Қуролли кучлари таркибида 30 та шундай ўзиюрар зенит қурилмаси мавжуд, дея қайд этади Reuters.

Бир кун аввал Украина президенти девони раҳбари Андрей Ермак Германия байроғи ва гепард тасвири туширилган твитни жойлаштирди ҳамда шу тариқа янги қурилмалар етказиб берилишига шама қилган эди. 

Ҳукумат веб-сайтидаги худди шу рўйхатдан маълум бўлишича, ўтган ҳафта Германия Украинага учта Beaver зирҳли кўприги, саккизта ерусти учувчисиз учоғи, 12 та чегара қўриқлаш машинаси, 4000 та уйқу сумкаси, 30 та тез тиббий ёрдам машинаси ва МИ-24 вертолётлари учун эҳтиёт қисмларни топширди. 

Ҳаммаси бўлиб, йил бошидан бери федерал ҳукумат Украинага 1,9 миллиард евро миқдордаги ҳарбий товарлар экспортини маъқуллади. Бу миқдор мудофаа қуролларининг айрим етказиб беришларини ўз ичига олмайди – етказиб беришни тезлаштириш мақсадида уларга лицензия бериш жараёни соддалаштирилди, дея таъкидлади мамлакат вазирлар маҳкамаси. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид