Жаҳон | 09:18 / 05.12.2022
8357
2 дақиқада ўқилади

АҚШ: Украинадаги уруш суръатининг пасайиши бир неча ой давом этади

Қўшма Штатлар Украинадаги жанговар ҳаракатлар фаоллигининг пасайиши яна бир неча ой давом этишини тахмин қилмоқда. Бу ҳақда АҚШ Миллий разведка директори Эврил Хейнс брифингда маълумот берди. 

Фото: Getty Images

Шу билан бирга, Америка разведкаси мамлакатни ҳимоя қилаётган украиналикларнинг иродасини синдириш мумкинлиги ҳақида ҳеч қандай аломат кўрмаяпти, деб таъкидлаб ўтди расмий. 

Айни пайтда, Россия Украинадаги рус қўшинлари ишлатаётган ўқ-дорилар ўрнини босадиган ўқ-дориларни ўзи ишлаб чиқаришга қодир эмас, дейди Хейнс.

Бундан олдин АҚШ ва НАТО бўйича иттифоқчилар NASAMS «ер-ҳаво» синфидаги ракета тизимларини Украинага кўчириш бўйича Яқин Шарқдаги қатор давлатлар билан музокаралар олиб бораётгани хабар қилинганди. Бу ҳақда Politico нашрига Raytheon Co. ишлаб чиқариш компанияси раҳбари Грег Хейс маълум қилди. 

Унинг сўзларига кўра, вазифа уч-олти ой ичида Киевга ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини жўнатиш, сўнгра кейинги 24 ой ичида АҚШ бунинг эвазига Яқин Шарққа янги NASAMS тизимларини юборишидан иборат. 

Аввалроқ АҚШ Мудофаа вазирлиги Американинг Raytheon Technologies Co мудофаа ва аэрокосмик компанияси билан олтита NASAMS мобил зенит-ракета комплексини (ЗРК) кейинчалик уларни Украинага топшириш учун ишлаб чиқариш бўйича шартнома тузиши хабар берилганди. 

Reuters агентлиги хабарига кўра, унинг мухбири тегишли ҳужжатни кўрган. Унга кўра, шартнома суммаси 1,2 миллиард долларни ташкил қилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид