Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Кўрфаз «инглизистони». Қатарда нега кўпчилик инглизчани яхши билади?
Қатарга келган одамларни ҳайратлантирадиган нарсалар кўп. Саҳрода турли яшилликлар яратишга интилишлар, ноодатий ландшафтдаги боғлар, осмонўпар бинолар, футбол мухлислари учун бепул жамоат транспорти – буларнинг барчаси ҳайратлантирмай қўймайди. Аммо яна бир нарса ҳайратлантиради: Қатардаги деярли ҳамма инглиз тилини билади.
Инглизча чинакам иккинчи тил
Япония ва Сингапурда инглиз тили иккинчи тил экани айтилади, аммо бу давлатларда ҳамма ҳам бу тилда гаплаша олмайди. Масалан, Япониядаги катта меҳмонхонада инглиз тилини тушунадиган менежерни узоқ қидиришгани ёдимда, ҳайдовчи, дўкондорларни-ку айтмай қўяверинг, ҳаммаси қўлида аудио таржимон ушлаб ўтиришади. Қанчалик ажабланарли бўлмасин, Сингапурда ҳам оддий одамлар юрадиган жойларда инглизчани кўпчилик билмайди.
Аммо Қатарда вазият умуман бошқача. Деярли ҳамма қатарликлар, маҳаллий араблар ҳам, бой арабларнинг ҳиндистонлик хизматчилари ҳам, эфиопиялик ёки непаллик таксичилар ҳам, «Макдоналдс»даги (McDonald’s) филиппинликлар ҳам инглизчани билишади. Айниқса, Қатар полицияси зобитларининг инглиз тилида равон гапиришини кўриб ҳайрон қоласиз. Бошида бу нарса жаҳон чемпионати билан боғлиқмикин деб ўйладик, лекин мамлакатни айланиб амин бўлдикки, булар анчадан буён инглиз тили билан яшаб келмоқда, чунки бир неча йилда ҳаммага инглиз тилини ўргатиб қўя олмайсиз.

Тилни яхши билганлар
Қатарда ким инглизчани яхшироқ билса, ўша яхшироқ ишда ишлай олади. Буни диққат билан кузатган одам дарров пайқайди. Масалан, медиа марказга киришда кичик носозлик сабаб тушунмовчилик юзага келди. Эшикбон полициячилар ҳам бинойидай инглизча гапириб туришибди, аммо баъзи атамалар улар учун тушунарсиз бўлгани учун, шунингдек, киришга катталарининг рухсати кераклигини айтиб, ўзлари бўйсунадиган каттароқ зобитни чақиришди. Салобати ва юлдузлари катталигидан уларнинг бошлиғи келганини тахмин қилдик. Ва ўша юлдузи катта полициячи инглизчада қолганларидан яхшироқ гапириб, бир дақиқада муаммони ҳал қилди.
Бошқа жойларда ҳам шундай: масалан, «Макдоналдс»да кассада турадиган қиз официант қизлардан яхшироқ инглизча гаплашади, менежер эса улардан ҳам яхшироқ. Метродаги африкалик кўнгилли, йўл кўрсатувчилар ҳам инглизчада керакли даражада гапиради, аммо темирйўл назоратчиси бўлган ва рация кўтариб юрадиган бошқарувчилар инглизларнинг тилида худди улар каби соф гапиради.
Метрода маҳаллий араб мухлислар билан гаплашиб қолганда ҳам уларнинг кўпи инглизчада бемалол гапира олмоқда. Дарвоқе, Саудия араблари ҳам тилни яхши билишади. Эркаклар ишлайди, хорижликлар билан мулоқот қилади деймиз, лекин араб аёлларининг ҳам инглизчани билишига нима дейсиз? Кўчаларда сайёҳлар кўп марта араб аёлларидан йўл сўрагани, мезбон аёллар уларга тоза инглизчада жавоб берганига гувоҳ бўлдик.

Агар инглизчани билмасангиз...
Қатар араблари инглизчани билмаса, улар ҳам кўп жойларда муаммога дуч келиши мумкин. Масалан, «Макдоналдс» емакхоналарига борсангиз, у ердаги аксар ишчилар филиппинлик бўлади. Улар табиийки арабчани билмайди, бу каби бутун дунёда мавжуд брендлар емакхоналарида ягона тил инглиз тили. Ҳа, сиз қатарлик бўлатуриб инглизчани билмасангиз, оддий бургер буюртма қилишингиз ҳам қийин. Албатта, емакхоналардаги мустақил буюртма қилиш мумкин бўлган киоскларда дастур арабчада ҳам ишлайди, аммо кафеда мулоқот қилиш учун инглизча билиш керак.
Савдо марказларида ҳам шундай ҳолат. Миср, Ливан ёки бошқа араб давлатларидан келганлар ҳам сотувчилик қилади, аммо аксар сотувчилар арабчани билмайдиган муҳожирлар. Маҳаллий араблар эса савдода деярли ишламайди. Шундай экан, Қатардаги савдо марказида айланишингиз учун ҳам сизга инглиз тили керак бўлади.
Яна бир нарса, Қатарда ҳиндистонликлар жуда кўп. Улар яхши ишларда ҳам ишлашади, аммо аксари оддий ишларда меҳнат қилади, шунингдек, бой арабларнинг уйида ҳинд хизматкорларни кўриш ҳам оддий ҳолат. Араблар бу хизматчилари билан инглизча гаплашади, чунки улар арабчани билмайди. Хизматкорлар бошлиғи инглизчани яхши билади ва бошқа хизматкорларни айнан у бошқаради.
Стадионлар атрофида ҳам кўплаб ҳинд бригадаларини кўрдик. Уларнинг «бригадири» бўлмиш ҳинд инглизчада гапира олгани учун раҳбарлар топшириқларни унга беришади. Ва энг асосийси Қатарда инглизча билганлар яхшироқ маош олади.

Яхши ишда ишлаш учун
Қатарнинг асосий бойлиги газ ва нефтдан келади. Табиийки, мамлакатни ушлаб турган асосий корхоналар ҳам айнан энергетика компанияларидир. Бундай корхоналарда кўп араблар ишлайди ва халқаро мақомдаги бундай жойларда ишлаш учун инглиз тилини билмаслик энг катта тўсиқ. Шу сабабли, араблар яхши жойда, катта корхоналарда ишлашни истаса, албатта инглизчани ўрганиши керак.
Қатар кўчаларида юрганда французчага, инглизчага ихтисослашган мактаблар кўзга ташланади. Араблар айнан шундай жойларда тилни мукаммал ўрганишади. Шунингдек, араб оилаларида инглиз тилини биладиган хизматкорлар болаларга тил ўргатиши одатий ҳол. Инглизча шунчалик оммалашганки, замонавий араблар бир-бири билан гаплашаётганда «you know» (биласанми) деган иборани тез-тез ишлатишаркан. Хуллас, Қатарга келганда инглизчани билсангиз, кўчада қолмайсиз.
Ўткир Жалолхонов, Қатар.