Жаҳон | 09:22 / 07.12.2022
9673
3 дақиқада ўқилади

Эстония энди Украинадан келган қочқинларни қабул қила олмайди

Бош вазир Кая Калласнинг сўзларига кўра, Эстония Украинадан янги келган қочқинларга аввалгидек ёрдам бера олмаяпти ва Финландиядан қабулни оширишни сўрамоқда.

Фото: Ken Mürk/ERR

Эстония Украинадан янги келган қочқинларга аввалгидек ёрдам бера олмаяпти ва Финландиядан қабулни оширишни сўрайди. Бу ҳақда Эстония бош вазири Кая Каллас 6 декабрь, сешанба куни чоп этилган рус тилида ишловчи маҳаллий Радио 4 (Raadio 4)га берган интервьюсида айтиб ўтди.

«Агар Россия қандай қилиб фуқаролик инфратузилмасини, энергетика инфратузилмасини бомбардимон қилаётганига ва Украинада ҳаётни мутлақо имконсиз қилишга уринаётганига қарасангиз, қочқинларнинг навбатдаги тўлқини юзага келишига ишонч ҳосил қиласиз», деди Каллас ва статистикага кўра ҳозирча янги қочқинлар оқими кузатилмаётганини қўшимча қилди.

Аввалроқ Эстония ташқи ишлар вазири Урмас Рейнсалу украиналик қочқинларнинг янги тўлқинидан хавотирланиб, Шенген ҳудудининг ички чегараларида назоратни тиклашга чақирган эди. Вазиятни шарҳлар экан, Кая Каллас, мамлакатда уй-жой ва иш ўринлари танқислиги сезилаётгани, бу қочқинларни қабул қилишни қийинлаштираётганига эътибор қаратди.

«Биз Финландия билан ҳақиқатан ҳам Украинадан келган қочқинларга энди бу тарзда ёрдам бера олмаслигимиз ҳақида гаплашдик, финлар кўпроқ қабул қилишлари мумкинлигини айтишди», деди Эстония бош вазири.

Унинг сўзларига кўра, Таллин Украинага жойлардаги энергетика инфратузилмасини тиклаш, аҳолининг кўчиб кетмаслигига ишонч ҳосил қилиш учун ёрдам юбормоқда.

Эстония миллий радиоэшиттириш хизмати (ERR) 30 сентябр куни хабар беришича, февраль ойи охиридан бери Украинадан жами 104 856 нафар қочқин Эстонияга кириб келган. Улардан 58 225 нафари мамлакатда қолган. Статистика департаменти маълумотларига кўра, 2022 йил 1 январь ҳолатига Эстония аҳолиси 1 331 796 кишини ташкил этди.

Германиянинг Буюк Британиядаги элчиси Мигел Бергер ҳам 4 декабрь куни Sky News телеканалига берган интервьюсида федерал ҳукумат яқин ҳафталарда Украинадан Германияга келаётган қочқинлар сони ошишини кутаётганини айтди.

Германия Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, уруш бошланганидан бери Германияга бир миллиондан ортиқ украиналик келган — бу Европадаги энг юқори кўрсаткичлардан биридир. Bild am Sonntag маълумотларига кўра, фақат Полша кўпроқ қочқинларни қабул қилган (1,5 миллион киши).

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид