Жамият | 15:13 / 11.12.2022
9633
2 дақиқада ўқилади

Намангандаги хонадонда ёнғин оқибатида икки киши жароҳатланди

Фото: Видеодан скриншот

Намангандаги хонадонларнинг бирида ёнғин юз бериб, икки киши куйиш тан жароҳатини олди. Бу ҳақда вилоят ФВБ матбуот хизмати хабар берди.

11 декабр куни соат 01:13 да Наманган шаҳар ФВБга «Диёр» МФЙ  ҳудудида жойлашган хонадонларнинг бирида ёнғин содир бўлаётгани ҳақида хабар келиб тушган. Хабарга асосан бўлимнинг 1,3-сонли Ёнғин қутқарув қисмининг экипажлари воқеа жойига соат 01:18 да етиб борган ва ёнғин соат 01:45 да тўлиқ бартараф этилган.

Ёнғин натижасида яшаш уйининг шифт ва том қисмидан 70 квадрат метр жойи ҳамда уй-рўзғор буюмлари ёниб зарарланган. Ёнғин вақтида хонадон эгаси, 1952 йилда туғилган фуқаро 65 фоиз, уй эгасининг ўғли — 1980 йилда туғилган 2-гуруҳ ногирони 95 фоиз куйиш тан жароҳати олган.

Ёнғин газ ва ҳаво аралашмаси чақнаши оқибатида келиб чиққани тахмин қилинмоқда. Хонадон эгаси билан суҳбатлашилганда хонани иситиш мақсадида қўлда ясалган тунука печига газ сўрғич ўрнатилганини маълум қилган.

Фото: Наманган ФВБ матбуот хизмати
Фото: Наманган ФВБ матбуот хизмати
Фото: Наманган ФВБ матбуот хизмати

Ҳозирда содир бўлган ёнғин юзасидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид