Ўзбекистон | 16:51 / 31.03.2023
6367
2 дақиқада ўқилади

2023 йил айрим ўсимликлар кеч чангланди. Бу нимага таъсир қилади?

2023 йилнинг январ ойида ҳаво ҳарорати кескин тушиб кетиши ва февралда исиши айрим ўсимликларнинг босқичма-босқич эмас, бир вақтда чангланишига сабаб бўлган. Бу эса ҳавода аллергия қўзғатувчилар ошиб кетишига сабаб бўлади.

Халқаро молекуляр аллергология маркази 2021-2022 йил ва 2022-2023 йилларнинг қиш фаслида ҳавода учраган аллерген ўсимликлар чангларининг солиштирма таҳлилини Kun.uz’га маълум қилди.

Унга кўра, 2022 йил декабр ойида ўсимликларнинг чанг миқдори ҳавода оз миқдорда учраган, январ ойида эса ортган ва феврал ойига келиб кескин кўтарилиб кетган. 2022 йил қиш иссиқроқ бўлгани учун ўсимликлар чанг ҳосил қилишни эртароқ бошлаган. 2023 йил эса тескари ҳолат кузатилган. Январда аномал совуқ ўсимликларнинг уйғониш вақтига ҳам таъсир кўрсатган. Натижада январ ойида чанг ҳосил қилишни бошлаши керак бўлган ўсимликлар феврал ойининг охирига келиб чангланган.

Марказнинг Аэробиология бўлими бошлиғи Тўрабек Шодмоновнинг маълумот беришича, 2 йилни қиёслаганда сарв ўсимлиги 2022 йилда январдан бошлаб – эртароқ чанг ҳосил қилган. 2023 йилда эса аномал совуқ сабабли унинг чангланиши бироз кечиккан. Ёки бунинг акси. Ўрмон ёнғоғи, шумтол, тол ва қайрағоч кабилар ўтган йил қишда чанглашни бошламаган бўлса, 2023 йилда февралдаги иссиқ сабаб вақтлироқ чангланган.

Натижада уларнинг чангланиши бир даврга тўғри келди. Бу икки жараён феврал ойида ҳавода аллерген чангларнинг кўпайишига олиб келган”, – деб тушунтиради марказ Аэробиология бўлими лаборанти Муяссар Отажонова. 

Маълумот учун, Халқаро молекуляр аллергология маркази 2019 йилдан бери ҳаводаги аллерген ўсимликлар чанглари миқдорини доимий равишда таҳлил қилиб келади.

Зуҳра Абдуҳалимова
Тайёрлаган Зуҳра Абдуҳалимова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид