Ўзбекистон | 15:24 / 24.06.2023
22577
2 дақиқада ўқилади

Фарғонада ўзаро жанжал туфайли 25 яшар йигит ўлдирилди

Бу ҳақда ИИВ матбуот котиби Шохруҳ Ғиёсов ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.

Фото: ИИВ

21 июнь куни соат 21:00 ларда 1998 йилда Қўқон шаҳрида туғилган О.З. исмли йигит ўртоқлари билан Данғара туманидаги “Марокаш” номли чойхонада ўтирган вақтида 1998 йилда Қўқон шаҳрида туғилган Жўраев Улуғбек Авазжон ўғли бир неча ўртоқлари билан шу ерга келади ҳамда О.З.ни ўзлари ташқарига чақириб олади.

Ғиёсов улашган вилоят ИИБ баёнотига кўра, томонлар ўзаро гап талашиб, жанжаллашиб кетгач, Улуғбек Жўраев ёнида бўлган ўткир тиғли жисм билан О.З.нинг ўнг кўкрак қафасига уриб, тан жароҳати етказган. Бунинг оқибатида жабрланувчи ҳодиса жойида вафот этган.

Қўқон шаҳар шошилинч ёрдам кўрсатиш маркази жабрланувчи ўнг кўкрак қафаси олди томони тешиб ўтувчи санчилган-кесилган жароҳатлари билан шифохонага олиб келинган вақтда аллақачон вафот этганини билдирган.

Вилоят прокуратураси баёнотида ҳодиса жойи туман прокурори раҳбарлигидаги тергов-тезкор гуруҳи томонидан мутахассислар иштирокида кўздан кечирилгани ва ашёвий далиллар олингани таъкидланади.

Ҳолат юзасидан Данғара туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда вилоят прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

25 яшар йигитнинг ўлимида гумонланаётган Жўраев Улуғбек Авазбек ўғли қидирувга берилган.

“Агарда cиз, Жўраев Улуғбек Авазбек ўғли ҳақида бирор-бир маълумотга эга ёки унинг ноқонуний ҳаракатларидан жабр кўриб, тазйиқига учраган бўлсангиз дарҳол яқин орадаги ички ишлар органларига ёки «102» қисқа рақамига мурожаат қилишингиз сўралади. Шахсингиз сир сақланиши кафолатланади”, дейилади вилоят ИИБ хабарида.

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид