Ўзбекистон | 18:37 / 26.06.2023
10747
4 дақиқада ўқилади

Репортаж: 2 тоннадан зиёд гиёҳвандлик моддалари ёқиб юборилди

Ҳуқуқ органлари 2022 йил давомида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмаси билан боғлиқ 8681 та ҳолатни қайд этган. Расмийларга кўра, жами 2 тоннадан зиёд гиёҳвандлик моддалари ашёвий далил тариқасида олиниб, мусодара қилинган. 26 июн куни Тошкентда гиёҳвандлик моддалари ёқиб юборилди, Kun.uz жараёндан репортаж тайёрлади.

26 июн – Халқаро гиёҳванд моддаларга қарши кураш куни. Шу муносабат билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан муомаладан мусодара қилинган гиёҳвандлик воситаларини йўқ қилиш бўйича тадбир ўтказилди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, 2022 йил давомида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан 2 тонна 232,9 кг гиёҳвандлик моддалари мусодара қилинган. “Ўзиккиламчиранглиметалл” заводида Давлат хавфсизлик хизмати ташаббуси билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар иштирокида гиёҳванд моддалар ёқиб юборилди.

ДХХ ходими Маҳлиё Валиқулованинг айтишича, 2022 йил давомида ДХХ томонидан 917 кг гиёҳвандлик моддалар мусодара қилинган.

“Бугунги кунда синтетик наркотик моддаларнинг оммалашуви ҳам кузатиляпти. Натижада 32,2 кг синтетик наркотик дори воситалари мусодара қилинди”, - дейди у.

Маълум қилинишича, 373 минг 550 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний айланмасига ҳам чек қўйилган.

“Россия, Қозоғистон ва Қирғизистон хавфсизлик органлари билан ҳамкорликда 9та фаол тадбир ва махсус операциялар ўтказилиб, 11 нафар нарко-жиноятчи ушланди ва 166.4 кг гиёҳвандлик воситалаир мусодара қилинди”, - дейди Валиқулова.

БМТнинг наркотиклар ва жиноятлар бўйича бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий вакили Ашита Миттал Ўзбекистонга синтетик наркотиклар кириб келиши кўпаяётганини таъкидлади.

“Бугунги кунда Ўзбекистонда дори воситалари бозори маълум маънода ўзгариб, уни истеъмол қилишдан келиб чиқадиган муаммолар ортиб бораётганини кўришимиз мумкин. Нафақат опий ва героин, балки метамфетамин каби синтетик наркотиклар ҳам Ўзбекистонга йўл топмоқда.

Синтетик моддалар нафақат кўчада, балки интернет орқали ҳам сотилади. Шунинг учун киберхавфсизликни кучайтириш жуда муҳим. Ўзбекистон аҳолиси жуда ёш, ўзбекларнинг 60 фоизга яқинини 29 ёшгача бўлган ёшлар ташкил қилади. Биз уларни тўғри тарбиялашимиз, синтетик гиёҳванд моддаларни истеъмол қилишнинг зарарини тушунтиришимиз керак”, - дейди у.

БМТ вакилининг таъкидлашича, агар ёшлар ўқимишли бўлса ва оқибатларини тушунса, бундай моддалардан масофа сақлаш имконияти ортади.

“Шунингдек, Ўзбекистон ҳукуматидан гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланиши олдини олиш ва бу борада қўшни давлатлар билан трансчегаравий ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги мувозанатли ёндашувидан жуда мамнунман”, - дейди Ашита Миттал.

Давлат хавфсизлик хизмати маълумотларига кўра, республикага афғон наркотиклари асосан, Тожикистон ва Қирғизистон орқали жанубий-шарқдан – Самарқанд ва Сирдарё вилоятларига, шимолий-шарқдан – Фарғона  водийси  вилоятларига ва Тошкент вилоятига ҳамда тўғридан тўғри Афғонистондан Амударё орқали Сурхондарё вилоятига олиб кириш ҳолатлари учрамоқда.

2022 йил давомида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ жиноятлар содир этганлиги учун 96 та ҳолатлар бўйича хорижий давлатларнинг 99 нафар фуқароси ҳибсга олинган. Жумладан, 12 нафар Афғонистон, 32 нафар Тожикистон, 25 нафар Қирғизистон, 14 нафар Қозоғистон, 8 нафар Россия, 5 нафар Туркия, 1 нафар Франция, 1 нафар АҚШ ва 1нафар Беларусь фуқароларидир.

Мадина Очилова тайёрлади.
Оператор ва монтажчи - Жавоҳир Ғайратов. 

Мадина Очилова
Муаллиф Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид