Ўзбекистон | 09:27 / 27.06.2023
5341
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Ўзбекистонга ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини тезлаштиришда ёрдам беради

Ўзбекистон ва АҚШ стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш, инвестициявий ҳамкорлик ва ўзаро савдони кенгайтиришга содиқлигини тасдиқлади.

Фото: Dunyo

Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Вашингтонга ташриф буюрди ва АҚШдаги ҳукумат расмийлари ҳамда етакчи Америка компаниялари вакиллари ҳамда раҳбарлари билан бир қатор учрашувлар ўтказди.

Инвестициялар, саноат  ва савдо  вазирлиги маълумотига кўра, АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Дональд Лу, АҚШ савдо вазирининг ўринбосари Алан Эстевес, АҚШ савдо вакили ўринбосари Сара Бянки, АҚШ-Ўзбекистон Савдо палатаси раиси Керолин Лемм ва бошқа расмийлар билан музокаралар бўлиб ўтди.

АҚШ давлат котиби ёрдамчиси Доналд Лу билан учрашув давомида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шерикликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Америка томони йирик лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутган ҳолда ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканини эътироф этди.

Суҳбат чоғида савдо ва инвестициявий ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати кўриб чиқилди. Бу йўналишларда томонлар муносабатларни кенгайтириш учун катта имкониятлар мавжудлигини таъкидлаб, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиши жараёнининг тезлаштириш доирасида ҳамкорликни ривожлантиришга келишди.

АҚШ савдо вазири ўринбосари, Саноат ва хавфсизлик бюроси раҳбари Алан Эстевес билан суҳбат давомида, савдо оқимларини кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашинилди. Америка томони Ўзбекистоннинг ташқи савдо жараёнларининг самарадорлигини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади. Самарали ҳамкорликни кенгайтириш ва ўзаро савдо ҳажмини кўпайтириш мақсадида қўшма ишчи гуруҳ шаклантириш, Ўзбекистондаги вазирликлар, идоралар, тижорат банклари вакиллари малакасини ошириш учун тренинглар ташкил этиш муҳимлиги айтиб ўтилди.

АҚШ савдо вакили ўринбосари Сара Бянки билан мулоқотда Ўзбекистон сармоявий жозибадорлигини мустаҳкамлаш, савдо тўсиқларини бартараф этиш ҳамда савдо операцияларини янада осонлаштириш масалалари муҳокама қилинди. Учрашувда Ўзбекистонда энергетика, машинасозлик, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика ва бошқа соҳаларда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошираётган АҚШ компанияларининг муваффақиятли фаолияти алоҳида таъкидланди.

Ўзаро савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича навбатдаги амалий тадбирларни белгилаш мақсадида бир қатор қўшимча учрашув ва музокаралар ўтказишга келишиб олинди.

Ташриф давомида Америка-Ўзбекистон Савдо палатаси аъзолари, Америка йирик бизнес раҳбарлари иштирокида давра суҳбати ташкил этилди.

Ташриф якунлари бўйича томонлар стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш, инвестициявий ҳамкорлик ва ўзаро савдони кенгайтиришга содиқлигини яна бир бор тасдиқлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид