Жаҳон | 12:58 / 12.12.2023
7511
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Алексей Навалнийнинг ғойиб бўлганидан хавотирда

Алексей Навалний зудлик билан озод қилиниши керак, у қамоққа тушмаслиги керак эди, деди Оқ уй матбуот котиби Жон Кирби.

Фото: AP

АҚШ маъмурияти сиёсатчи Алексей Навалнийнинг ғойиб бўлгани ҳақидаги хабарлардан чуқур хавотирда, деди 11 декабр, душанба куни Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби. «У зудлик билан озод этилиши керак. Бундан ташқари, у қамоққа тушмаслиги керак эди», - дея таъкидлади Кирби журналистлар билан суҳбатда.

Аввалроқ россиялик мухолифатчининг тарафдорлари у билан олти кундан бери боғлана олмаётганликларини, Владимир вилоятидаги 6-сонли ахлоқ тузатиш колонияси (ИК-6) ходимлари эса Навалний «энди у ерда рўйхатда йўқлигини» маълум қилганини айтган эди. Унинг ҳозир қаерда эканлиги ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ.

Сиёсатчи тарафдорлари ижтимоий тармоқларда #ГдеНавальный ҳештегини йўлга қўйган бир пайтда, Европарламент аъзолари Россияни жавобгарликка тортишни талаб қилмоқда. Шу тариқа, Белгиянинг собиқ бош вазири, ҳозирда Европа Иттифоқи парламентидаги либерал-демократик фракция раиси Ги Верхофстадт Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррелни «зудлик билан Россиядан тушунтириш сўрашга чақирди». «Навалний нафақат сиёсий маҳбус, балки Сахаров мукофоти лауреати ҳамдир. Уни ва унинг ишини сақлаб қолиш бизнинг бурчимиз!» – деб ёзди Европарламент депутати Х ижтимоий тармоғида.

Жозеп Боррелл россиялик сиёсатчининг ғойиб бўлганига ҳозирча изоҳ бермади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид