Жаҳон | 14:25 / 12.12.2023
5024
3 дақиқада ўқилади

Полша КС ЕИ судининг жарималар бўйича қарорини ноқонуний деб топди

Варшавадаги конституциявий суд Европа Иттифоқи суди қарори «Полша конституциясига зид келади», деб қарор қилди.

Фото: Czarek Sokolowski/AP

Полша конституциявий суди (КС) Европа Иттифоқи судининг мамлакат ҳукуматини мунозарали суд-ҳуқуқ ислоҳоти ва жигарранг кўмир қазиб олишда экологик стандартларга риоя қилмаслик муносабати билан ҳар куни жарима тўлаш мажбуриятини юклаган қарорини ноқонуний деб топди. 11 декабр, душанба куни конституциявий суд қарорига кўра, Европа Иттифоқи судининг қарори «Полша конституциясига зиддир».

Полша конституциявий суди ҳукмрон консерватив «Қонун ва адолат» партияси томонидан назорат қилинади, у яқинда бўлиб ўтган парламент сайловларида мағлубиятга учраганига қарамай, ҳокимиятда қолмоқда. 11 декабр куни Полша Сеймида Полша собиқ бош вазири Матеуш Моравецкий бошчилигидаги ҳукуматга ишонч масаласи бўйича овоз берилди. Бош вазирга ишончсизлик билдирилиб, Доналд Туск бошчилигидаги мухолифат янги ҳукуматни шакллантиришни бошлайдиган бўлди.

Полшада суд ислоҳоти

2021 йил октябр ойида Европа Иттифоқининг Люксембургдаги суди Полшага ҳар куни 1 миллион евро миқдорида жарима тўлаш мажбуриятини юклади. Бунга Варшаванинг Полша суд тизимини ислоҳ қилиш бўйича ЕИ судлари қарорларини бажаришдан бош тортгани сабаб бўлган. Жарима «Европа Иттифоқининг ҳуқуқий тартибига, шунингдек, иттифоқ асос солган қадриятларга жиддий ва тузатиб бўлмайдиган зарар етказмаслик» зарурати билан изоҳлади. Жумладан, 2018 йилда Полшада «Қонун ва адолат» партияси ташаббуси билан ташкил этилган Олий суд интизомий коллегияси фаолиятини тугатиш зарурлиги муҳокама қилинди. Ислоҳот амалда ҳукуматга судяларни тайинлаш ва лавозимидан озод этиш ваколатини берди.

2022 йил июн ойида Полша президенти Анжей Дуда суд-ҳуқуқ ислоҳоти тўғрисидаги қонунга киритилган ўзгартиришларни имзолади, унга кўра Олий суднинг интизомий палатаси тугатилди. Бироқ унинг ўрнига бошқа орган – Касбий масъулият палатаси ташкил этилди, унинг 11 нафар аъзоси президент томонидан тайинланади. Полшанинг ҳукмрон партияси танқидчилари ислоҳотни юзаки деб ҳисоблашди.

Бундан ташқари, 2021 йил сентябр ойида ЕИ суди қарор қабул қилди, унга кўра Полша Чехия ва Германиянинг Саксония федерал ери яқинидаги «Туров» карерида кўмир қазиб олишни тўхтатиш тўғрисидаги суд қарорини бажармаган ҳар бир кун учун Европа Иттифоқига 500 минг евро тўлаши керак.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид