Жаҳон | 12:05 / 21.12.2023
3166
3 дақиқада ўқилади

Европа суди Абрамовичнинг ЕИ санкциялари бўйича даъвосини рад этди

Роман Абрамович ўзининг санкциялар рўйхатига киритилишини асосий ҳуқуқлари бузилиши деб атади. Унинг таъкидлашича, Европа Иттифоқи унинг фаолиятини баҳолашда аниқ хатоликка йўл қўйган.

Фото: Алексей Насыров/ ТАСС

Люксембургдаги Европа суди 20 декабр, чоршанба куни россиялик мултимиллиардер-тадбиркор Роман Абрамовичнинг Украина уруши фонида Европа Иттифоқининг уни санкциялар рўйхатига киритиш қарори устидан берган шикоятини рад этди. Суд қарорида таъкидланишича, санкциялар қўллаш ҳақидаги қарор хато бўлмаган, чунки Абрамович Россия иқтисодиётида муҳим рол ўйнайдиган Evraz металлургия ҳолдингининг энг йирик акциядори ҳисобланади. Европа суди, шунингдек, Европа Иттифоқига киришни тақиқлаш, бошқа нарсалар қатори, Португалия фуқаролигига эга бўлган Абрамовичнинг ҳуқуқларини бузаётганига ҳам рози бўлмади. Люксембург суди бу чекловни мутаносиб деб ҳисоблади.

Роман Абрамович 2022 йилнинг март ойида россиялик амалдорлар, таниқли бизнесменлар ва олигархлар билан бирга Европа Иттифоқининг қора рўйхатига киритилган эди. Европа Иттифоқи унинг «РФ раҳбарияти билан узоқ йиллик алоқаларга эга» экани ва «раҳбарият билан жуда яхши муносабатларни сақлаб қолганини» билдирди. 

ЕИ маълумотларига кўра, бу алоқалар магнатга «катта бойлигини сақлаб қолиш» имконини берган ва шунинг учун «у Қрим ёки Украинадаги вазият учун масъул бўлган Россия раҳбарларидан фойда кўрган». Европа Иттифоқи, шунингдек, Абрамович Россиянинг етакчи бизнесменларидан бири сифатида «Россия ҳукумати учун муҳим даромад манбайи» бўлганини таъкидлади. 

Роман Абрамовичнинг даъвоси 

Роман Абрамович ўтган йил май ойида ўзига нисбатан жорий этилган санкцияларни бекор қилиш учун ЕИ устидан судга мурожаат қилган. Унинг таъкидлашича, Европа Иттифоқи қарорида «аниқ хато» бор ва уни рўйхатга киритиш «асосий ҳуқуқлари бузилиши» ҳамда Европа Иттифоқи қонунчилигида мустаҳкамланган асосий ҳуқуқларига «аралашув»дир. 

Шунингдек, Европа суди ҳужжатларидан маълум бўлишича, Абрамович обрўсига путур етказилгани сабаб сотилган Лондоннинг «Челси» футбол клуби бўйича битим муносабати билан яратилган, можаролар қурбонларига мўлжалланган хайрия жамғармасига ЕИдан 1 миллион евро ўтказишни сўраган. 

«Челси»нинг сотилиши ва хайрия жамғармаси

Ўтган йилнинг май ойида «Челси» Тодд Боли бошчилигидаги эгалик гуруҳига 5 миллиард долларга сотилган эди. Шундан 3,08 миллиард доллар Абрамовичнинг хайрия жамғармасига ўтказиб берилган. 

Ўтган ҳафта Буюк Британиянинг Европа ишлари бўйича котиби Лео Докерти сотувдан тушган маблағ Буюк Британия банк ҳисобварағида музлатилганини, ҳукумат эса «мустақил экспертлар томонидан пулни бошқариш учун асос яратиш жараёнидан ўтаётганини» айтди. 

Докертининг сўзларига кўра, Буюк Британия ҳукумати бу пулларни имкон қадар тезроқ Украинага ёрдам бериш учун ишлатилишини истайди. Роман Абрамович, Европа Иттифоқи санкциялар рўйхатидан ташқари, Буюк Британиянинг санкциялар рўйхатида ҳам қайд этилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид