Иқтисодиёт | 08:10 / 27.12.2023
17642
2 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқи Ўзбекистоннинг ЖСТга киришига кўмаклашади

Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов Европа Иттифоқи делегацияси раҳбари, элчи Шарлотта Адриан билан учрашди.

Фото: Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги маълумотига кўра, томонлар асосий эътиборни икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари, шунингдек, 2024 йилга мўлжалланган тадбирлар жадвалини кўриб чиқишга қаратди.

Мулоқотда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги иқтисодий шерикликнинг ижобий динамикаси қайд этилди. Хусусан, кейинги йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ва қўшма корхоналар сонининг ортиши кузатилмоқда. Сармоявий шериклик, саноат кооперацияси ва транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришни рағбатлантиришга ўзаро тайёрлик билдирилди.

Маҳаллий экспортчилар томонидан GSP+ бенефициар-мамлакати мақомидан самарали фойдаланиш бўйича фаол ҳамкорликни давом эттириш, шунингдек, Ўзбекистоннинг ЖСТга жадал киришига кўмаклашиш бўйича келишувга эришилди.

Учрашув якунлари бўйича икки томонлама ҳамкорликнинг барча муҳокама қилинган йўналишлари бўйича муносабатларни янада чуқурлаштириш ва кенгайтиришга содиқлик билдирилди.

2023 йилнинг 10 ойи давомида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 4,8 миллиард долларни (+36 фоиз) ташкил этди. Мамлакатимиз GSP+ бенефициар мақомини олгани туфайли 2021 йилдан буён Европа Иттифоқига экспорт ҳажми 1,5 баробар ошди, ўзбекистонлик экспортёрлар импорт божлари бўйича 28 миллион еврони тежаб қолишга муваффақ бўлди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид