Иқтисодиёт | 13:08 / 11.01.2024
4414
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон Ўзбекистонга ёғ ва қора металлургия маҳсулотларини етказиб беради

Қозоғистоннинг Атирау вилоятида "Ўзбекистон" савдо уйини очиш ва икки томонлама савдо-иқтисодий муносабатларнинг бошқа лойиҳалари муҳокама қилинди.

Фото: Мадибек Джанибеков / Kazinform

Қозоғистоннинг "Казинформ" халқаро ахборот агентлигида Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ҳамда Қозоғистон Савдо ва интеграция вазири Арман Шаккалиев ўртасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш масалаларига бағишланган учрашуви ҳақида мақола эълон қилинди.

Мақолада таъкидланишича, Арман Шаккалиев интервюсида давлат раҳбарлари томонидан қардош мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини икки баробарга ошириш ва 10 миллиард АҚШ долларига етказиш бўйича улкан вазифалар қўйилгани қайд этилган.

"Бир ҳафта ичида ҳажмларни кўрсатган ҳолда маҳсулотларнинг аниқ рўйхатини тайёрлаймиз. Бундан ташқари, ҳамкорликда ташкил этилган "УзКазТрейд" компанияси орқали алоқаларни фаоллаштиришга келишиб олинди. Биринчи навбатда, Ўзбекистондан Қозоғистонга мева-сабзавот ҳамда тўқимачилик маҳсулотлари етказиб берилади. Қарама-қарши йўналишда ёғ ва қора металлургия маҳсулотларини етказиб бериш бўйича келишиб олдик. Шунингдек, маҳсулотни сертификатлаш, текшириш, тадқиқот натижаларини ўзаро тан олиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Буларнинг барчаси товар айирбошлаш ҳажмининг ошишига хизмат қилади", - дея вазир сўзларидан иқтибос келтирган "Казинформ".

Шу билан бирга, "Марказий Осиё" саноат кооперацияси халқаро маркази доирасидаги лойиҳаларни амалга ошириш, икки мамлакат ўртасидаги савдо ҳамкорлигини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди, деб ёзган агентлик.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид