Иқтисодиёт | 18:44 / 26.01.2024
12531
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон Россиядан Ўзбекистонга нефт етказиб бериш ҳажмини оширади 

Нефт транзити ҳажми йилига 550 минг тоннага етказилади. 

Фото: kaztransoil.kz

2024 йилда Россия нефтини Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга транзит қилиш ҳажми режалаштирилган 500 минг тоннадан 550 минг тоннагача оширилади. Бу ҳақда Қозоғистоннинг «КазТрансОйл» компанияси хабар берди. 

Қайд қилинишича, Қозоғистон Энергетика вазирлиги томонидан тасдиқланган нефт етказиб бериш жадвалига мувофиқ, январ ойида «КазТрансОйл» Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга 25 минг тонна Россия нефтини етказиб беришни таъминлайди. 

«КазТрансОйл» компанияси магистраль нефт қувурлари тизими орқали Россия нефтини Ўзбекистонга етказиб беришни 2017 йилда бошлаган. 2017 йилда транзит ҳажми 67,9 минг тоннани, 2018 йилда 35,8 минг тоннани ташкил этган. 2019-2022 йилларда Россия нефтининг Қозоғистон орқали Ўзбекистонга транзити бўлмаган. 2023 йилда «КазТрансОйл» Ўзбекистонга 154,3 минг тонна Россия нефтини етказиб берган. 

2023 йил кузида Россия ва Ўзбекистон нефт етказиб бериш, шунингдек, темир йўл орқали нефт маҳсулотларини етказиб бериш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишув имзолаган эди. Ҳужжат Россия президентлари Владимир Путин ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Москвада бўлиб ўтган музокаралари якунлари бўйича имзоланди. Унда кутилаётган таъминот ҳажми ҳақида маълумот берилмади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид