Иқтисодиёт | 17:29 / 13.02.2024
21376
3 дақиқада ўқилади

227-1-модда бўйича жарима миқдори камайтирилади

Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов 2-3 кун ичида Солиқ кодексининг 227-1-моддаси бўйича ижобий ўзгариш бўлишини маълум қилди. “100 фоизлик жарима 2 фоизгача тушириляпти, 100 фоиз жарима тўлаганларга 98 фоизи қайтариб берилади”, – деди у.

Фото: Солиқ қўмитаси

13 феврал куни Тошкент шаҳрида Тадбиркорлик субъектлари барқарорлик рейтингининг мазмун-моҳиятини етказиш ҳамда рейтингни аниқлаш мезонлари билан тадбиркорларни таништириш мақсадида навбатдаги учрашув ташкил этилди.

Унда иштирок этган Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов Солиқ кодексининг 227-1-моддасига ўзгартиш киритилишини эълон қилди.

“Ҳукумат даражасида кўриб чиқилган масала – 227-1-моддада жарималар масаласи бор эди. Бу ерда ўтирган маълум тадбиркорларимиз жаримага тушган. Мен сизларга эълон қилмоқчиманки, 100 фоизлик жарима 2 фоизгача туширилди.

2-3 кунда яхши хабар кутиб қоламиз”, – деди Ваҳобов.

У ушбу масала 3-4 ойдан бери ҳукумат даражасида муҳокама қилинаётганини айтаркан, тегишли ҳужжат қўл қўйишга олиб кирилганини маълум қилди.

“Бугун-эрта яхши қарор чиқади, шу яхши қарор эвазига тадбиркорлар учун нима кутсак бўлади?

100 фоиз жарима тўлаганларга [жариманинг] 98 фоизи қайтариб берилади, тўламаганларга 98 фоизи олиб ташланиб, 2 фоизи қолади. Келажакда 227-1-модда бўйича 2 фоизлик жарима қолади”, – деди ССП раиси.

227-1-модда ҳақида

2023 йил март ойида Солиқ кодексига ўзгартиришлар киритилиб, 227-1-моддаси қўшилган эди. Унга кўра, тадбиркор маркировка қоидаларини бузса, махсус ҳисоблаш дастурларини солиқ органи базасига интеграция қилмаса, бир чоракдаги (3 ой) соф тушумининг 100 фоизи миқдорида жаримага тортилади. Бу жариманинг юқорилиги тадбиркорларнинг эътирозларига сабаб бўлиб келяпти.

2023 йил охирида Президент ҳузуридаги кенгаш маркировкалаш бўйича жаримани камайтиришни сўради. Кенгашнинг бу муаммо юзасидан давлат раҳбарига мурожаат этишга қарор қилиши ортидан Солиқ қўмитаси раҳбарлари тадбиркорлар билан мулоқот қила бошлади. Савдо-саноат палатаси 400 млрд сўмлик жарималарни ҳисобдан чиқариш ва белгиланган санкцияни енгиллаштиришни таклиф этди.

Иқтисодчи Отабек Бакиров тадбиркорлик субъектларига нисбатан қўлланган жарималар миқдори жами триллион сўмдан ошиб кетгани ҳақида ёзди.

2024 йил феврал ойида Тошкент шаҳар маъмурий суди 227-1-модда бўйича солиқ органлари қарори устидан шикоят қилган тадбиркорнинг фойдасига ҳал қилув қарорини чиқарди.

Видео:

Мадина Очилова
Тайёрлаган Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид