Жаҳон | 20:21 / 15.08.2024
7102
3 дақиқада ўқилади

Сиёсий можаро ва юқори инфляция: Японияда ҳукумат алмашади

Япония бош вазири Фумио Кишида сентябр ойида лавозимини тарк этадиган бўлди: у навбатдаги сайловда номзодини қўймайди. Японшунос Меҳринисо Абдурасуловага кўра, кечиктирилган “Марказий Осиё – Япония” саммитига Кишида эмас, кунчиқар юртнинг янги раҳбари келишини кутиш мумкин.

Кишиданинг лавозимни топшириш қарорига сабаб – сиёсий можаро ва иқтисодий омиллар туфайли ҳукуматнинг рейтинги тушиб кетган.

“Сиёсат жамоатчилик ишончисиз бўлмайди. Менга бўлган ишонч қолмаган экан, давом этишимдан ҳам маъно йўқ. Эндиликда мен фаолиятимни янги сайланган Либерал-демократик партия раҳбарини қўллаб-қувватлашга қаратаман”, деган бош вазир ўз истеъфосига муносабат билдириб.

Японияда охирги 3 йилдаги нисбатан юқори инфляция аҳоли норозилигига сабаб бўлмоқда. Бу борада қатор намойишлар ҳам бўлиб ўтган. Ҳукумат кўрган чоралар нархларни етарлича барқарорлаштира олмаган.

Кишида ва унинг партияси жамоатчилик ишончини йўқотишига таъсир этган яна бир омил – сиёсий можаро. Ўтган йили кузда Либерал-демократик партия расмийлари сайловчиларнинг сиёсий мақсадлардаги хайрияларини ўзлаштириб юборгани маълум бўлгач, бу катта резонансга олиб келганди.

Шунингдек, ҳукмрон партия “Бирлашув” номидаги христиан черкови билан алоқаларга эга экани ҳам аниқланган. Сайлов кампаниясида партия черковдан ва бир қанча номаълум манбалардан маблағлар олган. Бу эса аҳоли орасида тушунмовчилик ва саволларни келтириб чиқарган.

Японшунос Меҳринисо Абдурасуловага кўра, Япония миллий валютаси иена кундан кунга қадрсизланмоқда. Яшаш харажатлари ортган. Бунга эса пандемия, ундан кейинги иқтисодий қийинчиликлар, Украина уруши ва асосан, ҳарбий харажатларнинг оширилгани сабаб бўлган. Расмий Токио минтақада Хитой, Шимолий Корея ва Россия хавфи ошгани ортидан ҳарбий харажатларини ҳам оширишга мажбур бўлган.

Кишида ўрнига келаётган бош вазирга ҳам осон бўлмайди. Чунки Япония дунёнинг энг катта 4-иқтисодиёти экан, уни изга солиш, ушлаб туриш осон эмас. Чунки айни даврда бу давлатда нарх-наво нотабиий равишда ўсиб бормоқда. Ҳукумат буни деярли назорат қила олмаяпти. Бозорни барқарорлаштириш учун ажратилаётган дотациялар эса майда-майда бўлиб, бўлиниб кетмоқда.

Шоҳрух Мажидов суҳбатлашди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид