Ўзбекистон | 18:54 / 04.09.2024
4149
3 дақиқада ўқилади

"Адолат" социал-демократик партиясининг сайловолди дастури тасдиқланди

Партиянинг ХII Қурултойида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар Кенгашларидан сайланган делегатлар, Сиёсий Кенгаш вакиллари, Марказий тафтиш комиссияси ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, партиянинг фаол аъзолари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Фото: Адолат СДП

Партия дастуридаги давлатнинг иқтисодий фаолияти натижасида юзага келган даромадларни адолатли тақсимлаш, жарималар миқдори ва бошқа ҳуқуқий таъсир чораларини фуқароларнинг даромадларига мутаносиблигидан келиб чиқиб белгилаш, аҳоли ўртасида кескин табақаланишнинг олдини олиш каби ташаббуслари ҳам партиянинг социал-демократик ғояларга содиқлигини кўрсатади.

Жумладан, сайловолди дастурида соғлиқни сақлаш соҳасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, “Ақлли тиббиёт” тизимини шакллантириш, нодавлат тиббиёт ташкилотларини “тижорат ташкилоти”дан нотижорат ташкилотга ўтказиш, фармацевтика ва тиббиёт ходимлари орасидаги яширин келишувлар учун жиноий жавобгарликни белгилаш, жойларда аҳолига малакали тиббий ёрдам кўрсатиш, дори-дармонларнинг ноқонуний айланиши устидан назоратни кучайтириш бўйича таъсирчан қонунчилик механизмларини ишлаб чиқиш белгиланди.

Фуқароларнинг суд ҳокимиятига ишончини оширишда судяларнинг мустақил бўлиши муҳим мезон бўлиб, судялар ҳуқуқларини юқори даражада кафолатлаш ва иш юкламаларини маъқуллаштириш мақсадида “Судялар мақоми тўғрисида”ги қонунни ишлаб чиқиш, одил судловни амалга оширишда судялар сонини ошириш ҳамда адвокатура институтини ривожлантириш таклифи илгари сурилмоқда.

Шунингдек, аҳолининг ижтимоий муҳофазасини таъминлаш мақсадида истироҳат боғлари, сайилгоҳларни хусусийлаштиришни тақиқлаш, ногиронлиги бўлган шахслар учун светофорларда махсус товуш чиқарувчи қурилмалар ўрнатиш каби ғоялар партиянинг сайловолди дастуридан муҳим ўрин эгаллаган.

Шу билан бирга, талабаларнинг турар жойлар билан боғлиқ муаммоларини бартараф этиш, олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш мақсадида ўқув адабиётларини яхшилаш, замонавий хорижий адабиётларни харид қилиш ва таржима қилиш ишларини тизимли йўлга қўйиш ҳамда илм-фан соҳаси вакилларининг манфаатларини ҳимоя қилиш, олимларнинг машаққатли меҳнатини қадрлаш бўйича таклифлар илгари сурилди.

Қурултой делегатлари муҳокамалардан сўнг “Адолат” социал-демократик партиясининг “Тенг имкониятлар ва адолатли жамият сари!” деб номланган сайловолди дастурини тасдиқлади.

Қурултой кун тартибидан ўрин олган яна бир муҳим масала – жорий сайловларда депутатликка партиядан кўрсатиладиган номзодларни тасдиқлаш бўлди.

Қурултой якунида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига мажоритар бир мандатли округлар бўйича 75 нафар, партиявий рўйхат бўйича 100 нафар номзодлар кўрсатилди.

Эътиборлиси, номзодларнинг 45 фоизи аёллардан иборат бўлиб, барча 175 нафар номзод олий маълумотга эга. Уларнинг 25 фоизини педагоглар, 20 фоизини ҳуқуқшунослар, 18 фоизини тиббиёт, 37 фоизини иқтисодиёт, ижтимоий ва бошқа соҳалар вакиллари ташкил этади. Шунингдек, номзодларнинг 18 нафарида фан номзоди (PhD, Doctor of Philosophy) ва 23 нафарида фан доктори (DSc Doctor of Science) илмий даражаси мавжуд.

Қурултойда қайд этилганидек, барча номзодларга оид ҳужжатлар номзодларни белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказиш учун Марказий сайлов комиссиясига тақдим этилади.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид