Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Латвия Хоразмда математика ва IT йўналишида мактаб очади
Ўзбекистон элчихонаси Урганч давлат университети (УрДУ) ректори Баҳром Абдуллаев ва Рига менежмент ва ахборот тизимлари олий мактаби (ISMA) ректори Роман Дякон ўртасида онлайн учрашув ташкил этди.
Суҳбат давомида олий ўқув юртлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, шунингдек, УрДУ ҳузурида ISMA университетининг математика ва IT йўналишларига ихтисослаштирилган мактабни ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди.
Роман Дяконнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни ва яратилган шароитларни инобатга олиб Латвия томони Хоразм вилоятида ихтисослаштирилган мактаб очишдан манфаатдор. Мазкур мактабда таълим инглиз тилида олиб борилади ҳамда барча битирувчиларга Европа ва бошқа мамлакатларнинг олий ўқув юртларига IELTS сертификатларисиз кириш имконини берувчи шаҳодатнома берилади.
Учрашув якунида сентябр ойининг иккинчи ярмида Латвия делегациясининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш, шунингдек, тегишли ҳамкорлик шартномасини имзолаш бўйича келишувга эришилди.