Жаҳон | 22:34 / 26.09.2024
17903
3 дақиқада ўқилади

АҚШ ва Европа Путиннинг янги ядровий таҳдидларига жавоб қайтарди

Блинкен Путиннинг таҳдидини «масъулиятсиз ва бевақт» деб қоралади. Европа Иттифоқи вакили бу таҳдид Украинани қўллаб-қувватлаш борасидаги позициясига таъсир қилмаслигини айтди.

Фото: Getty Images

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Россия президенти Владимир Путиннинг ядровий қурол таҳдиди «масъулиятсиз» эканини айтди. Унинг фикрича, дунё кўпроқ қуролсизланишга муҳтож.

Блинкен MSNBC телеканалига берган интервюсида Путиннинг Ғарбга ядровий қуроллар ҳақидаги таҳдидини «масъулиятсиз ва бевақт» деб қоралади. Давлат котиби дунёда кўпчилик аввал ҳам «ядро қуроли билан таҳдид қилганини» эслатди.

«Ўйлайманки, дунёда кўпчилик аввал ҳам ядро қуроли билан таҳдид қилган, масалан, Хитой ҳам. Шунинг учун мен ҳозир кўпроқ қуролсизланиш ва қуролларни тарқатмаслик ҳақида мулоқот қилишга чақирган бўлардим», деб тушунтирди у.

Кремл раҳбари Путиннинг янги ядровий таҳдидлари Европа Иттифоқининг урушда Украинани қўллаб-қувватлаш борасидаги позициясига таъсир қилмайди. Бу ҳақда Европа Иттифоқи вакили Петер Стано брифингда маълум қилди.

«Путин биринчи марта ядровий арсенали билан таҳдид қилаётгани йўқ, бу эса унинг ўта масъулиятсиз ва қабул қилиб бўлмайдиган хатти-ҳаракатларининг давоми», деди у.

Стано Путиннинг «ядровий таҳдидини» қоралаб, у дунёга фақат ўзининг ҳақиқий қиёфасини кўрсатганини таъкидлади. Унинг қўшимча қилишича, Европа ҳозир халқаро ҳамкорлар эътиборини БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси бўлган давлат вакили бўлган шахснинг «ақлдан озган ва масъулиятсиз хатти-ҳаракатларига» қаратмоқчи.

25 сентябр куни Путин Россия Хавфсизлик кенгашининг ядровий масала бўйича йиғилишини ўтказди. У ядровий кучлардан фойдаланишга ёндашувларни ўзгартиришни таклиф қилди.

Унинг баёнотига кўра, ядро қуролига эга бўлмаган давлат томонидан, лекин ядровий давлат иштирокида ёки кўмагида Россияга қарши тажовузни «биргаликдаги ҳужум» деб ҳисоблаш мумкин. Москва шунингдек, «Россия Федерацияси суверенитетига ҳатто оддий қуроллар билан жиддий таҳдид» юзага келган тақдирда ҳам ядро қуролидан фойдаланиш имкониятини кўриб чиқишини маълум қилди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид