Жаҳон | 09:23 / 26.09.2024
25062
11 дақиқада ўқилади

Туркияда 8 ёшар қизалоқнинг ўлдирилиши. Бу ҳақида нималар маълум?

Нарин Гюраннинг сирли ўлими бутун Туркияни ларзага келтирди. Бироқ қизчани таниган одамларнинг барчаси бу ҳақда сукут сақламоқда. Гарчи бу ягона ҳодиса бўлмаса-да, расмийлар болаларга нисбатан қанча жиноят содир этилганини ошкор этмаяпти.

Фото: OZAN KOSE/AFP

Бир ой олдин Туркия жануби-шарқидаги Диёрбакир вилояти марказига яқин жойлашган Тавшантепа қишлоғи ҳақида деярли ҳеч ким билмасди. Бу қишлоқда 21 август куни саккиз ёшли Нарин Гюран йўқолиб қолгач, вазият бутунлай ўзгарди. 19 кундан сўнг қизалоқнинг жасади топилди. Бу жиноят бутун Туркияни ларзага солди ва воқеага кенг жамоатчилик эътиборини қаратди, деб ёзмоқда DW нашри.

Шу вақт ичида Нариннинг баъзи яқин қариндошлари қотилликда гумон қилиниб ҳибсга олинди. Лекин қишлоқда жимжитлик ҳукм сурмоқда, ҳеч ким деярли ҳеч нарса демайди, шубҳали нарсаларни кўрган ёки эшитгани ҳақида айтмайди. Бу эса бутун мамлакатда норозилик уйғотмоқда.

Қабристон зиёратгоҳга айланди

Тавшантепага шу атрофдаги дарё суви билан суғориладиган, қалин ўсган маккажўхори далаларидан ўтувчи биргина йўл олиб боради. Нариннинг қопга яширилган жасади айнан шу дарёнинг қирғоғидан топилган. Йўл қишлоқ марказига етмасдан кичик бир қабристон ёнидан ўтади. Одатда бу ер жим-жит бўларди. Бироқ энди ҳар куни юзлаб одамлар ҳалок бўлган қизалоқнинг қабрига ташриф буюрмоқда. Қабр болалар чизган расмлар, гуллар ва юмшоқ ўйинчоқлар билан қопланган. Нарининг қабри устида Туркия байроғи ҳилпирайди, оёқ томонига эса зайтун дарахти экилган.

Фото: Felat Bozarslan/DW

Қабристонда саккиз ёшли қизга ҳамдардлик билдирувчи юзлаб гулдасталар бор. Одамлар дуо қилиш, Қуръон сураларини ўқиш ёки Наринга нисбатан содир этилган жиноятга ўз нафратини изҳор этиш учун келмоқда. Бутун Туркиядаги каби бу ерга ташриф буюрганларнинг барчаси қизалоқни ким ва нима сабабдан ўлдирганини билишни истайди.

“Наҳотки бутун қишлоқда ҳеч ким ҳеч нарсани билмаса? Кимдир сукутни бузиб, бизга нима бўлганини айтиб бериши керак. Бу бегуноҳ болани ўлдирганлар энг оғир жазога тортилиши керак”, — деди диёрбакирлик Аҳмад Ойдин.

Тавшантепага Туркия адлия вазири Йилмаз Тунч ташриф буюрган, президент Ражаб Тоййиб Эрдўған эса воқеа юзасидан тушунтириш беришни ваъда қилган. Улар айбдорлар энг оғир жазога тортилишига ишонтирмоқда.

“Ҳаммамиз гумондормиз”

Қишлоқнинг бир нечта кўчаларида жандармерия бўлинмалари ўтган-кетган кишиларнинг ҳар бирини текширмоқда. Маҳаллий аҳоли кўзга ташланмайди. Айтишларича, айрим аҳоли фожиадан сўнг қишлоқни аллақачон тарк этган. Нарин яшаган уй ва унинг атрофидаги ҳудуд пухта қўриқланмоқда.

Фото: Hozan Adar/DW

Суд-тиббий экспертизаси ҳали якунланмаган. Терговчилар бола айнан шу ерда ўлдирилган деб гумон қилмоқда — жиноятчи оила аъзоларига яқин одам бўлиши мумкин. Гюраннинг уйи ҳозир бўм-бўш, унда яшовчиларнинг баъзилари қаердалиги номаълум. Айтишларича, вақти-вақти билан уйга қандайдир одамлар келиб, у-бу нарса олиб кетади.

Умуммиллий ғазабнинг асосий сабабларидан бири: 550 га яқин киши яшайдиган бутун қишлоқ қатъий сукут сақламоқда. DW мухбири Тавшантепадан ўтаётган, анонимлик шарти билангина саволларга жавоб беришга зўрға рози бўлган бир қарияни учратди. Суҳбатдош Нарин оиласига нисбатан адолатсизлик қилинаётганини айтди. Унинг таъкидлашича, бутун қишлоқ умумий шубҳа остида қолгани учун ҳамма ташвишда: “Ҳаммамиз гумонланувчилармиз. Бирор нарса билган одам ҳукуматга ҳақиқатни айтиши шарт”.

“Оила кенгаши йиғилиб, ҳаммасини сир тутишга қарор қилган”

Нариннинг ўлдирилишини тергов қилиш доирасида 300 га яқин одам сўроқ қилинди. Оиланинг бир нечта аъзолари, жумладан, қизнинг онаси ва акаси гумонланувчи сифатида ҳибсда. Ҳозирда ҳаммаси бўлиб ўн икки киши ҳибсга олинган, улар орасида Тавшантепа оқсоқоли, Нариннинг тоғаси ҳам бор. Унинг машинасидан ҳалок бўлган қизнинг ДНК излари топилган. Тергов органларининг фикрига кўра, Нариннинг ўлдирилишида ёки ҳеч бўлмаганда унинг жасадини гумдон қилишда тоғасининг шахсан иштироки бўлган — айтишларича, оила кенгаши унинг жасадини кўмиш керак деган қарорга келган.

Суд-тиббиёт экспертларининг фикрига кўра, қизалоқ бўғиб ўлдирилган. DW тергов гуруҳи аъзоларидан бири билан суҳбатлашганда, у бутун қишлоқ содир бўлган воқеадан хабардорлигини маълум қилди. “Нарин қишлоқда кутилмаган ҳодиса оқибатида ҳалок бўлган, биз унинг нима эканини ҳали билмаймиз. Шундан сўнг оила кенгаши йиғилиб, барча тафсилотларни сир сақлашга қарор қилган. Бу сукунатнинг сабаби ҳам айнан шу”, — деб таъкидлади нашр суҳбатдоши.

Унинг ҳамкасбларидан бири қўшимча қилди: “Йўқолган Наринни қидираётганимизда, қишлоқдаги ҳамма унинг ўлдирилганини биларди. Оила буни сир тутарди. Қизалоқнинг жасади ҳали топилмаган пайтадёқ биз уни ўлдиришган деб гумон қилгандик. Тахминимиз Нарин оиласининг аёллари уй олдида тўпланиб, чуқур мотам билан Қуръон ўқиганларида тасдиқланди”.

Нарин нима учун ўлдирилгани ҳалигача номаълум. Тергов давом этмоқда. Ҳозирча фақат тоғасининг дўсти жасадни дарё бўйига кўмганини тан олди. Бошқа ҳибсга олинганларнинг ҳеч бири ҳеч қандай баёнот бермади, гумон қилинувчилар уларга қарши қўйилган барча айбловларни рад этмоқда.

Фото: Felat Bozarslan/DW

“Туркия мураккаб вазиятга дуч келди. Жиноятчи жабрланувчининг оиласи ва унинг яқин ижтимоий муҳити ҳимоясида”, — дейди криминалист ва Мерсин университети қошидаги Болаларни ҳимоя қилиш маркази директори Халис Докгёз.

Бу ҳудуддаги ҳаёт, қоида тариқасида, анъанавий консерватив бўлиб, қабилавий тузилмалар ва анъаналарга асосланган. Докгёзнинг сўзларига кўра, бундай жамоаларда болалар кўпинча “обективлаштирилади” ва уларнинг ўлими муҳим аҳамият касб этмайди: “Бундай ҳолларда жиноятчи одатда бола танийдиган одам бўлиб чиқади”.

Туркия ҳукумати ҳалок бўлган ва бедарак йўқолган болалар ҳақидаги маълумотларни эълон қилмайди

Нариннинг ўлими ягона ҳодиса эмас. Туркия Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш маркази (FISA) маълумотларига кўра, сўнгги икки ярим йил ичида мамлакатда камида 64 нафар бола ўлдирилган, кўпинча — оиладаги зўравонлик оқибатида. Марказ маълумотларни очиқ манбалардан олади. 2016 йилдан бери Туркия ҳукумати ҳалок бўлган ёки бедарак йўқолган болалар ҳақидаги маълумотларни эълон қилмайди. Сўнгги эълон қилинган маълумотларга кўра, 2008 йилдан 2016 йилгача бутун Туркия бўйлаб 104 531 нафар бола бедарак йўқолган. Бугунги кунда нафақат бу рақам қанчага кўпайгани, балки бу болалардан нечтаси тирик ёки ўлик топилгани ҳам номаълум.

Мутахассислар бу борада шаффофлик ва профилактика йўлга қўйилмаганини танқид қилиб, давлат органларини бедарак йўқолган болалар ҳақида мунтазам маълумот тўплашга ва уни эълон қилишга чақиради.

“Муаммонинг ечимини сиёсий даражада илгари суриш учун бизга маълумотлар керак”, — дейди FISA эксперти Эзги Коман. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси ҳам кўп йиллардан буён Туркия ҳукуматини тегишли маълумотларни тақдим этишга чақирмоқда.

Фото: Anka

“Хавфсиз дунё, болалар учун хавфсиз ҳаёт”: бутун Туркия бўйлаб намойишлар бўлиб ўтмоқда, уларнинг иштирокчилари Нариннинг ўлимида айбдор бўлганларни қаттиқ жазолашни талаб қилмоқда.

“Агар улар бу маълумотларга эгалик қилиб, лекин яшираётган бўлса, бу уларнинг жавобгарликдан қочиш истагини билдиради. Ёки вазият қанчалик жиддийлигини яширмоқчи бўлишяпти. Ёхуд болаларга тупуриб қўйишган”, — деб тахмин қилди Коман. DW Туркия Оила ишлари вазирлиги ва Марказий статистика бошқармасига сўров юборган, аммо ҳозирча улардан жавоб олинмаган.

Бундан ташқари, Туркия мухолифати ҳукуматга парламент сўрови юборди, аммо унга ҳам жавоб бўлмади, ўн беш кунлик муддат 19 сентябр куни тугади. Жумладан, мухолифат 2016 йилдан бери мамлакатда қанча бола бедарак йўқолганини билмоқчи. Улардаги маълумотларга кўра, бундай болалар сони 10 000 дан ошади. Мухолифатдаги Республика Халқ партиясидан сиёсатчи Бурханеттин Булут бу соҳада шаффофликнинг йўқлиги ҳукумат учун “шармандалик” эканини айтди.

“Болалар ўз ҳуқуқларини билишлари керак”

Агар маълумотлар мавжуд бўлганда эди, деб таъкидлайди криминалист Халис Докгёз, суд-тиббиёт экспертлари, ижтимоий ходимлар, психологлар ва полиция ходимлари бундай жиноятларнинг олдини олиш учун профилактик чораларни ишлаб чиқа оларди.

“Ҳозирги вақтда биз ҳеч нарсани билмаймиз. Фақат ҳодиса жамоатчиликка маълум бўлгандан кейингина уни кузатиб борамиз. Бу пайтда эса фақат “Қотил ким?” деган саволга эътибор қаратамиз. Бу нотўғри”, — дейди Докгёз. Унинг фикрича, бундай ҳолатларнинг олдини олиш бўйича узоқ муддатли қарорларни ишлаб чиқиш учун ҳокимиятда мотивация етишмайди.

Болалар ҳуқуқлари ҳимоячилари тармоғи координатори Шоҳин Антакялиоғлу ҳам бу фикрга қўшилади. Унинг таъкидлашича, барча маълумотларни ўз ичига олган кенг оммага мўлжалланган хабардорлик тизими ва болаларни ҳимоя қилиш бўйича “асосий, ечимга қаратилган сиёсат” зарур. Бу сиёсат, жумладан, шаҳар ёки қишлоқда яшашидан қатъи назар, барча болалар мурожаат қила оладиган “ишонч телефони”ни ўз ичига олиши керак. Бундан ташқари, “болаларга ўз ҳуқуқларини ўргатадиган таълим тизими” ҳам зарур.

Координаторнинг аниқлик киритишича, агар бола ўз ҳуқуқлари ҳақида ҳеч нарса билмаса, унга бу ҳуқуқларни беришдан маъно йўқ.

“Болаларга кимдир уларга тегса, қаерга мурожаат қилиш кераклигини ўргатяпмизми? Биз бу нарсаларни мактабгача таълим муассасаларидан бошлаб ўргатишимиз лозим. Болалар кимдир уларни бирор нарсага мажбурлаётганини фарқлай олиши керак”, — деб таъкидлайди Антакялиоғлу. У ҳукумат бу қадамларни амалга оширмагунча, саккиз ёшли Нариннинг ҳалокати каби воқеалар турк жамиятини мунтазам ларзага солишидан хавотирда.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид