Жаҳон | 10:40 / 18.10.2024
2255
3 дақиқада ўқилади

Германия Киевга етказилган қуроллар ҳақидаги маълумотни янгилади

2022 йил феврал ойидан бери Германия Бундесвер захираларидан Украинага материалларни ўтказди, унинг қиймати 5,2 миллиард еврога баҳоланмоқда. Украинага Германиядан келишилган ҳарбий ёрдамнинг умумий миқдори 28 миллиард еврони ташкил этади.

Фото: Schöning/IMAGO

Германия ҳукумати 17 октябр, пайшанба куни ўз веб-сайтида ўзини Россия агрессиясидан ҳимоя қилишда давом этаётган Украинага қурол етказиб бериш ҳақидаги маълумотларни янгилади.

Хусусан, янги етказиб беришлар таркибига 8 дона Leopard 1 А5 танклари, улар учун эҳтиёт қисмлар киритилган. Шундай қилиб, бугунги кунда Германия томонидан Украинага етказиб берилган ушбу моделдаги танклар сони 88 тани ташкил этади.

Яна 20 та Marder пиёда жанговар машиналари эҳтиёт қисмлари билан Киевга етказилди. Ҳаммаси бўлиб, ушбу таъминотни ҳисобга олган ҳолда, уруш бошидан буён Украинага 140 та шундай пиёда жанговар техникаси ўтказилди. Бундан ташқари, Берлин Украинага Leopard 2 ва Leopard 1 танклари учун қўшимча снарядлар, Marder пиёда жанговар машиналари учун снарядлар; биттадан IRIS-T SLM ва IRIS-T SLS зенит-ракета тизими; кемадан бошқариладиган Sea Sparrow ракеталари, 3000 та танкка қарши RGW 90 гранаталари; 6 та PzH 2000 ўзиюрар артиллерия мосламалари эҳтиёт қисмлари билан (илгари 14 та шундай ЎАМ ўтказилган); 24 000 та 155 мм артиллерия ўқ-дорилари; 4000 та ҳужумкор дрон; иккита TRML-4D радари ва бошқа турдаги қуроллар жўнатди.

Бошқа нарсалар қаторида, ҳарбий ёрдамнинг янги партияси AIM-9L/I Sidewinder инфрақизил йўналтиргичли қисқа масофали ракеталарни ўз ичига олади. Германия Қуролли Кучлари веб-сайтида айтилишича, бундай турдаги ракеталар Германия ҳаво кучларида PA-200 Tornado ва EF 2000 Eurofighter жанговар самолётларида ўрнатилган.

Шолц ЕИдан Украинага ёрдамни оширишни сўрайди

Германия канцлери Олаф Шолц Евроиттифоқ саммитида Европа Иттифоқи ҳамкорларидан Украинага ҳарбий ёрдамни оширишни сўрайди. Бу ҳақда 15 октябр куни Берлиндаги ҳукумат вакилига таяниб, Reuters хабар берди.

Унинг сўзларига кўра, Германия канцлери «янада қандай қўллаб-қувватлаш мумкинлигини кўриб чиқиш учун албатта яна мурожаат билан чиқади».

Украина Европа Иттифоқининг 35 миллиард евро миқдоридаги кредитига умид қилиши, хусусан, ундан қурол сотиб олишда фойдаланиши мумкин, дея эслатади Reuters. Европарламент 22 октябрда уни якуний маъқуллаши керак. Бироқ, агар Қўшма Штатлар молиявий ёрдамини эълон қилса, бу миқдор камайиши мумкин.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид