Жаҳон | 11:00 / 21.10.2024
1363
2 дақиқада ўқилади

Германия ва Украина ҲҲМни кучайтириш бўйича келишув имзолади

Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини мустаҳкамлаш бўйича келишув Берлин IAAD ташаббуси доирасида тузилган. Украина мудофаа вазирининг сўзларига кўра, лойиҳага яна тўрт давлат қўшилади: Белгия, Норвегия, Нидерландия ва Дания.

Фото: X / BMVg_Bundeswehr

Украина ва Германия мудофаа вазирлари Рустем Умеров ва Борис Писториус Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини мустаҳкамлаш бўйича зудлик билан чора кўриш тўғрисидаги келишувни имзолади. Ҳужжат «Катта еттилик» мамлакатлари Мудофаа вазирлиги раҳбарларининг Неаполдаги учрашуви чоғида имзоланган, деб хабар берди иккала сиёсатчи 19 октябр, шанба куни ижтимоий тармоқларда.

Германия Мудофаа вазирлигининг X ижтимоий тармоғидаги хабарида айтилишича, Берлиннинг IAAD ("Ҳаво мудофааси бўйича зудлик билан ҳаракат", Immediate Action on Air Defense) ташаббуси доирасида тузилган келишув Германияга ҳамкорлар билан биргаликда Киев учун ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини сотиб олишни тезлаштириш имконини беради.

Рустем Умеровнинг сўзларига кўра, лойиҳага яна тўрт давлат қўшилади: Белгия, Норвегия, Нидерландия ва Дания. «Битим имзолаган давлатлар қўшма лойиҳаларга ҳисса қўшиши ёки Украина Қуролли кучларининг ҳаво ҳужумидан мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашга қаратилган ўз лойиҳаларини молиялаштириши бўйича келишувларни кўзда тутади», деб ёзди украиналик вазир Facebookʼда Германияга миннатдорчилик билдирган ҳолда. 

Ўтган ҳафта бошида Германия Украинага иккита ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини топширгани ҳақида хабар берилган эди: ўрта масофали IRIS-T SLM ва қисқа масофали IRIS-T SLS.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид