Жаҳон | 10:40 / 21.10.2024
2562
3 дақиқада ўқилади

РФнинг бир қанча минтақалари учувчисиз учоқлар ҳужумига учради

Россия Федерациясининг бир қатор минтақалари расмийлари дронлар йўқ қилингани ҳақида хабар берди. УУАдан бири Москвага учган эди, деди мэр Собянин.

Фото: AP Photo / Libkos

20 октябр, якшанбага ўтар кечаси Россиянинг бир қанча ҳудудлари учувчисиз учиш аппаратлари томонидан оммавий ҳужумга учради. Хусусан, Россия Федерацияси пойтахти, Москва, Липецк ва Орёл областлари хавф остида қолган.

Пойтахт мэри Сергей Собянин «Москва томон учган» дрон Раменское шаҳар округида уриб туширилганини айтди. «Дастлабки маълумотларга кўра, парчалар тушган жойда вайроналар ва қурбонлар бўлмаган», — деб ёзди Собянин Telegramʼдаги каналида.

Россиянинг бошқа минтақалари ҳам дрон ҳужумларига учраган. Хусусан, Липецк области губернатори Игор Артамонов Липецк осмонида «УУА бостирилганини» айтди. Артамоновнинг сўзларига кўра, учиш аппарати қолдиқлари Сирский Рудникнинг микрорайонига тушган. «Мутахассислар воқеа жойида ва дроннинг қолган қисмларини зарарсизлантирмоқда», деб ёзган у.

Орел области губернатори Андрей Кличков ҳам 19 октябр оқшомида йирик учувчисиз учоқлар ҳужуми ҳақида хабар берди. Унга кўра, Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари минтақа узра 11 та Украина дронини йўқ қилган.

Брянск области губернатори Александр Богомаз 19 октябр оқшомида камида тўртта Украина дронининг «йўқ қилингани» ҳақида хабар берди.

Брянск, Липетск ва Орёл областларига қилинган ҳужумлар натижасида қурбонлар ва вайронагарчиликлар йўқ, деди минтақа раҳбарлари.

Ўндан ортиқ дрон Россиянинг уч минтақасига ҳужум қилди

13 октябрга ўтар кечаси Россиянинг учта минтақасига Украина учувчисиз учоқлари ҳужум қилганди. Россия Мудофаа вазирлиги 13 та дрон йўқ қилинганини билдирди. Навбатчи ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари Украинанинг 13 та учувчисиз учоқларини Белгород ва Курск областлари ҳудудида ва биттасини Брянск области ҳудудида йўқ қилди, дейилади хабарда.

Брянск области губернатори Александр Богомазнинг айтишича, ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари минтақада Украина учувчисиз учоғини уриб туширган, қурбонлар ва вайроналар йўқ.

Курск областида ҳаво ҳужуми ҳақида огоҳлантириш тун бўйи ишлади, деб ёзди губернатор Алексей Смирнов.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид