Жаҳон | 12:50 / 02.11.2024
4778
3 дақиқада ўқилади

Лавров Украинада уруш бошланганидан бери илк бор Евроиттифоққа боради

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Европа Иттифоқига охирги марта 2021 йил декабрида келиб, Стокҳолмда бўлиб ўтган ЕХҲТ Вазирлар кенгаши йиғилишида қатнашган эди.

Фото: РИА Новости

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 2024 йил декабр ойида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши (ЕХҲТ ТИВК) мажлисида иштирок этиш учун Малтага боришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда «Ведомости» газетаси 1 ноябр, жумага ўтар кечаси Россия ТИВ расмий вакили Мария Захаровага таяниб хабар берди.

«Ушбу сценарийда Лавров Украинада махсус операция (Россия Федерацияси расмий равишда Россиянинг Украинага кенг кўламли ҳужумини шундай атайди), бошланганидан бери биринчи марта Европа Иттифоқига аъзо бўлган давлатга ташриф буюради » деб таъкидлайди нашр. Захарова таъкидлаганидек, «ушбу тадбирга мезбонлик қилаётган мамлакат ЕХҲТга аъзо барча мамлакатларга ишлаш имкониятини бериши керак».

Малтанинг Россия Федерациясидаги элчихонаси нашр сўровига жавобан ЕХҲТ Вазирлар кенгаши йиғилишини 5-6 декабр кунлари ушбу мамлакатда ўтказиш тўғрисидаги қарор «барча аъзоларга, шу жумладан, Россия Федерациясига тегишли эканлигини тасдиқлади». Малта элчихонаси Европа Иттифоқи томонидан Сергей Лавровга нисбатан жорий қилинган санкциялар билан боғлиқ вазиятга изоҳ бермади. Ўз навбатида, ЕХҲТ Котибияти Малта элчихонаси маълумотларига қўшадиган ҳеч нарсаси йўқлигини айтди.

Лавров Туркияни Украинага қурол етказиб бергани учун танқид қилди

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Туркияни Украинага қурол етказиб бергани учун танқид қилди. «Афсуски, Анқара «Киев режими» билан ҳарбий-техник соҳада ҳамкорликни давом эттирмоқда, турк қуроллари Украина Қуролли кучлари томонидан россиялик ҳарбий хизматчилар ва тинч аҳоли вакилларини ўлдиришда қўлланмоқда», — деди Лавров 1 ноябр куни Туркиянинг Hurriyet газетасига берган интервюсида.

Унинг фикрича, Туркиянинг бундай ҳаракатлари Украинадаги «ҳарбий можаро»ни ҳал этишда воситачилик қилишга тайёрлигига зид келади. Шу билан бирга, у Россия Федерацияси «Туркиянинг Украина инқирозини ҳал қилиш бўйича саъй-ҳаракатларини юксак қадрлашини» таъкидлади ва 2022 йил баҳорида Истанбулда бўлиб ўтган музокараларни, шунингдек, Украинадан ғалла экспорти бўйича келишувни эслади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид