Жаҳон | 14:10 / 05.11.2024
2032
2 дақиқада ўқилади

БМТ: РФ ва КХДР ўртасидаги ҳамкорлик «хавфли эскалация»га олиб келади

Шимолий Корея аскарларининг Россиянинг Украинага қарши урушида иштирок этиши «жуда хавфли эскалацияни англатади», деди БМТ бош котиби Антониу Гутерриш. У бунинг олдини олиш учун «қўлдан келган барча ишни» қилишга чақирди.

Фото: РИА Новости / POOL

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) бош котиби Антониу Гутерриш Шимолий Корея қўшинларининг Украинага қарши урушда кейинги иштироки учун Россияга юборилгани ҳақидаги хабарлардан хавотир билдирди. 3 ноябр, якшанба куни БМТ веб-сайтида эълон қилинган баёнотга кўра, Шимолий Корея аскарларини Украинадаги уруш ҳудудига жойлаштириш «жуда хавфли кучайиш»ни англатади. «Ушбу можаронинг халқаро миқёсда тус олишига йўл қўймаслик учун ҳамма нарсани қилиш керак», дея таъкидлайди у.

БМТ бош котиби, шунингдек, «Украинада БМТ Низоми, халқаро ҳуқуқ ва Бош Ассамблея резолюцияларига мувофиқ адолатли, мустаҳкам ва кенг қамровли тинчликка эришишга қаратилган барча муҳим саъй-ҳаракатларни» қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

Россия КХДРга ҳарбий ёрдам учун 600 000 тонна гуруч таклиф қилмоқда

Шимолий Корея молиявий ва озиқ-овқат инқирозини асосан Пхеняннинг Украинадаги урушга Россия Федерацияси томонида қўшган ҳиссаси учун Россиядан маълум бир «компенсация» эвазига ҳал қилди. Бу ҳақда Жанубий Кореянинг The Korea Herald газетаси 3 ноябр куни Корея Республикасининг Россиядаги собиқ элчиси Ви Сон Лакка таяниб хабар берди.

Шундай қилиб, Россия КХДРга 600 минг тоннадан 700 минг тоннагача гуруч таклиф қилмоқда, дея тушунтирди бир неча кун аввал парламент разведка қўмитасида бўлиб ўтган брифингда Жанубий Корея Миллий разведка хизмати (NIS) маълумотлари билан танишган Ви Сон Лак. Илгари Москва Пхенянга вақт-вақти билан 50-100 минг тонна гуруч жўнатган, дейди собиқ дипломат.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид