Ўзбекистон | 12:13 / 04.02.2025
1460
2 дақиқада ўқилади

Германияда Ўзбекистон ёшлари касбий таълимга тайёрланади

Фленсбург шаҳрида "Германияда меҳнат миграцияси: меҳмонхона ва гастрономик бизнес хизматлари" мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Фото: "Дунё" АА

Фленсбург Савдо-саноат палатаси президенти Франциска Лойпелт ушбу шаҳарда хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш ва саноат соҳаларида 6 мингдан ортиқ иш ўринлари етишмовчилиги мавжудлиги ва ўзбекистонлик ёшларни ишга жалб қилишда ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди. Ўзбекистондаги Гёте институти директори ўринбосари Валтер Сабиел эса немис тилини ўқитишда Гёте институти ҳамкорлик қилишга тайёрлигини маълум қилди.

Давра суҳбати доирасида Фленсбург Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистондаги Гёте институти ва Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ўртасида аҳдлашув ҳужжати имзоланди. 

Ҳужжатга кўра, эндиликда Гёте институти томонидан танлаб олинган Тошкент, Бухоро ва Хива шаҳарларидаги туризм ва меҳмонхона менежменти техникумларининг А2 тил сертификатига эга биринчи курс талабалари жорий йил ёз фаслида Фленсбургдаги меҳмонхона ва умумий овқатланиш муассасаларида амалиёт ўтайдилар. 

Шунингдек, лойиҳанинг иккинчи босқичида мамлакатимиз туризм ва меҳмонхона менежменти техникумларининг В2 тил сертификатига эга битирувчиларини Фленсбургдаги меҳмонхона ва умумий овқатланиш муассасаларида ишга жалб қилиш режалаштирилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид