Спорт | 11:23 / 18.02.2025
8076
6 дақиқада ўқилади

Испанияда яна бир можароли ўйин: «Барса» биринчи ўринга қайтди

«Райо Валекано» устидан ғалаба қозониш учун пеналтидан урилган бир гол етарли бўлди. Рақибнинг голи эса инобатга олинмади.

Ла Лига. 24-тур
«Барселона» — «Райо Валекано» 1:0
Гол:
Левандовски (28, пеналти). 
«Барселона» – Шесни, Балде, Мартинес, Кубарси (Эрик Гарсия, 81), Форт (Кунде, 66), Педри, де Йонг (Касадо, 88), Рафиня, Гави (Олмо, 66), Ямал, Левандовски (Ферран Торрес, 81).
«Райо Валекано» – Баталя, Чаваррия, Мумин, Лежен, Рациу, Сисс (Оскар Валентин, 74), Диас (Гумбау, 61), Гарсия (Гвардиола, 87), Паласон (Трехо, 74), Де Фрутос, Нтека (Эмбарба, 61).
Огоҳлантиришлар: Сисс (27), Рациу (41), Гави (45+2), Эмбарба (87), Торрес (90+5). 

«Барселона» ва «Райо Валекано» Испания чемпионати 24-турини ёпиб берди. Унинг якунларига кўра «Реал» турнир жадвалидаги биринчи ўриндан тушиб кетдии.

Каталонлар клуби уикендда ажойиб совғаларга эга бўлганди. «Реал» «Осасуна» билан ўйинда (1:1), «Атлетико» — «Селта»га қарши баҳсда (1:1) очко йўқотди. Шу тариқа, «Барса» ўз ўйинида ғалаба қозониш орқали биринчи ўринга қайтиши мумкин бўладиган вазият юзага келди. Рақиб эса олтинчи ўринда жойлашган ва чемпионатда 2024 йил 1 декабрдан буён ютқазмаётганди. Қолаверса, биринчи даврада «Реал»дан очко олишга эришганди (3:3).

Ўйиннинг дастлабки 20 дақиқасида вазиятлар бўлмади. «Барселона» узоқ вақт давомида тўпга эгалик қилди, аммо рақиб дарвозаси атрофида кескинлик яратиш муаммо бўлди. Биринчи бўлимнинг иккинчи ярми эса анча қизиқарли кечди. Рафиня тўрт дақиқа ичида икки бор голли вазиятга эга бўлди. Бразилиялик вингер аввалига олис бурчакни аниқ нишонга ололмади, кейин эса унинг зарбасини меҳмонлар посбони Аугусто Баталя тўсишга эришди.

«Барса» ўйиндан гол уролмаган бўлса-да, бу ишни пеналтидан уддалади. Арбитр Мария Мелеро Лопес Пате Сисс ва Иниго Мартинеснинг яккакурашида ҳеч қандай фол кўрмаганди, аммо вазиятга видеоёрдамчилар аралашди. Сисс чиндан ҳам рақибни қўл билан ушлаб қолганди, аммо тўп барибир «Барселона» футболчисига етиб бормасди, чунки «Райо Валекано» дарвозабони тўпга чиқишга улгурган ва уни жарима майдонидан узоқлаштирганди.

Монитор қаршисига борган ҳакам қарорини ўзгартирди ва пеналти белгилади, Роберт Левандовски эса Баталяни алдай олди — тўп аввал устунга, кейин дарвоза тўрига борди. Ҳимоячилар тўп тепилишидан олдин рақиб вакиллари жарима майдонига кириб кетганини кўрсатиб, билдирган эътирозларига қулоқ солинмади. 

Кўп ўтмай Ламин Ямал яқин бурчакка йўллаган зарбаси билан дарвозабонни синовдан ўтказди — Баталя яхши ҳаракат қилди. «Райо» бўлим охирида олдинга борди ва бир неча вазиятлар яратди. Войцех Шченсни Ранди Нтекянинг зарбасини қийинчилик билан бартараф этди, кейин эса Алваро Гарсия қайтган тўпни дарвозага киритиб юборишига йўл қўймади. 

Бўлимнинг сўнгги дақиқасида эса Сисс яна диққат марказида бўлди – бу сафар голли пас берди. У тўпни жарима майдони ичига кириб борган Хорхе Де Фрутосга оширди ва бир ҳаракат билан ўзига бўйсундириб, кейинги ҳаракатида дарвозани ишғол этди.

Де Фрутосда офсайд йўқ эди. Орқада қолиб кетган Ранди Нтека эса, бир қарашда вазиятга таъсир кўрсатмагандек кўринганди.

Аммо видеотакрор аксини кўрсатди: у Де Фрутосдан тўпни олиб қўйиш учун югурган Мартинеснинг йўлини тўсганди. 

Собиқ ҳакам Эдуардо Итурралде Гонсалес вазиятни шундай баҳолайди: «Барчаси яққол кўриниб турибди. [Эпизодга] давомли аралашув туфайли. VAR реферини [мониторга] чақирмаган, чунки ассистент ҳақ эди. Агар ҳаммаси бошқача бўлганида ва лайнсмен байроғини кўтармаганида, VAR аралашиши керак бўларди».

Бошқа бир собиқ арбитр Алфонсо Перес Бурруль эса бунга қўшилмайди: «Бу эпизодга аралашув ва у қоидалар чегарасида. Менимча, Нтека Иниго Мартинесни блокламаган. «Барселона» ҳимоячиси «Райо» футболчисига халал беролмади».

Шундан кейин ўйинда бошқа гол ҳам, пеналти ҳам бўлмади. Танаффусдан кейин Дани Олмо иштирокидаги ҳолат ёдда қолди. Испаниялик футболчи кутилмаганда ўгирилиб, бир ҳаракат билан икки ҳимоячини ортда қолдирди, шундан кейин дарвозабон билан контактдан кейин газонга қулади. Баталя унга тегинганди, аммо ҳакам «нуқта»ни кўрсатмади.

Рафиняда ҳам яхши имконият бўлди, аммо бразилиялик тезкор ҳужумни қулай позицияда туриб тўпни тўсин юқорисидан йўллаш билан якунлади.

Кейин эса «Барса»нинг омади келди. «Райо» 90+1-дақиқада хавфли вазият яратди, аммо де Фрутос ўзига ҳеч ким халал бермаган ҳолатда бошда йўллаган зарбаси дарвоза соҳасига тўғри бормади. Каталонияликлар ўта оғир кечган баҳсда ғалабали ҳисобни ушлаб қолишди ва турнир жадвалида биринчи ўринга қайтди.

«Барселона» барча турнирлар доирасида қаторасига 12-ўйинда ютқазмаяпти – каталонларни 2025 йилда ҳали ҳеч ким мағлуб этолмади. Ла Лигада бу – қаторасига тўртинчи ғалаба бўлди.

Бу тўрт ўйиннинг барчасида Левандовски биттадан гол урди. Энди полшалик ҳужумчининг чемпионатдаги голлари сони 20 тага етди – ва Килиан Мбаппни уч гол, Рафиня ва Анте Будимирни етти гол фарқи билан ортда қолдириб, тўпурарлар пойгасида яққол пешқадам бўлиб турибди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид