Жаҳон | 14:39 / 27.05.2025
4616
2 дақиқада ўқилади

Шимолий Кореяда амалдор ағдарилган эсминец туфайли ҳибсга олинди

Шимолий Кореянинг ҳукмрон партияси марказий қўмитаси мудофаа саноати бўлими бошлиғи ўринбосари Ри Хён Сон янги эсминецни сувга тушириш вақтида содир бўлган авария туфайли ҳибсга олинди.

Фото: Maxar Technologies

Шимолий Кореяда Корея Меҳнат партияси Марказий қўмитаси мудофаа саноати бўлими бошлиғи ўринбосари Ри Хён Сон янги эсминецни сувга тушириш вақтида содир бўлган авария туфайли ҳибсга олинди. 26 май, душанба куни КХДР марказий ахборот агентлигининг «адлия агентлиги» тергов маълумотларига таяниб хабар беришича, амалдор «йирик ҳодисада айбдордир».

Ри Хён Сон расман 22 май куни содир бўлган воқеа юзасидан ҳибсга олинган тўртинчи шахсдир. Ўшанда мамлакат раҳбари Ким Чен Иннинг кўз ўнгида 5000 тонналик кема мувозанатини йўқотиб, ағдарилган ва сувда ёнбошлаб ётиб қолган. КХДР марказий ахборот агентлиги хабарига кўра, Ким Чен Ин воқеани масъул шахслар томонидан содир этилган жиноят ва мамлакат учун шармандалик деб атади. У ҳодисада ҳарбий амалдорлар, олимлар ва кемасозлик операторларини айблади.

КХДР марказий ахборот агентлиги 25 май, якшанба куни Шимолий Кореяда Чонгжин кемасозлик заводининг уч нафар ходими ҳибсга олингани ҳақида хабар берди, улар ҳам авария учун жавобгар ҳисобланади. Улар орасида бош муҳандис, умумий корпус йиғиш цехи бошлиғи ва кемасозлик заводининг маъмурий ишлар бўйича директор ўринбосари бор.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид