Жаҳон | 11:27 / 06.08.2025
4256
2 дақиқада ўқилади

Сирский: Россиянинг мақсади - йил охиригача яна 10 та дивизияни тузиш

Украинанинг сафарбарликни давом эттиришдан бошқа чораси йўқ, деди Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Александр Сирский. У Россия учун жанг қилаётганлар сони ойига 9 минг кишига ортиб бораётганини таъкидлади.

Фото: Facebook / CinCAFofUkraine

Киевга кўра, Россия Украинага қарши ўз томонида жанг қилаётганлар сонини ойига 9 минг кишига оширмоқда. Шу билан бирга, Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Александр Сирский Россия раҳбариятининг мақсади сифатида жорий йил охиригача ўнта янги дивизия ташкил этишни келтирди. Унинг сўзларига кўра, улардан иккитаси аллақачон тузилган. Бу ҳақда Сирский 5 август, сешанба куни Украина Қуролли кучларининг июл ойидаги фаолияти якунларига бағишланган йиғилишдан сўнг Facebookʼдаги постида ёзган.

Россия контингенти сони ортиб бораётгани фонида Киевнинг сафарбарлик тадбирларини давом эттириш, жанговар тайёргарликни яхшилаш ва қўшинларнинг учувчисиз таркибини кучайтиришдан бошқа чораси йўқ, деди Сирский.

Унинг сўзларига кўра, июл ойи Украина учун жуда кескин ой бўлди, чунки Россия армияси «деярли барча жанговар ҳаракатлар чизиғи бўйлаб олдинга силжишга ҳаракат қилди». Шу билан бирга, руслар кичик ҳужумкор гуруҳларни ҳужум қилиш учун ишлатиб, «майда кесиш» тактикасини қўллади.

«Энг оғир вазият Покровск, Доброполе ва Новопавлово йўналишларида. Шу билан бирга, Северо-Слобожанск йўналишида биз Суми вилояти ҳудудини озод қилишда муваффақиятга эришдик ва Курск вилоятида ҳарбий амалиётлар ўтказишда давом этмоқдамиз», — деди Александр Сирский.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид