Жаҳон | 11:05 / 28.08.2025
17880
5 дақиқада ўқилади

Нефт ва наркотиклар: АҚШ ва Венесуэла қарама-қаршилиги янги босқичга чиқди

АҚШ Венесуэла президенти Николас Мадурони ҳибсга олиш учун ваъда қилинган мукофотни 50 млн долларга кўтарди ва Лотин Америкаси наркокартелларига қарши курашиш учун Кариб денгизига ҳарбий кемаларни жўнатди. Бунга жавобан Мадуро Венесуэлада сафарбарлик эълон қилиб, бир неча миллион фуқаросини қуроллантирмоқда. Бу ҳақда “Геосиёсат”да таҳлилчилар Шуҳрат Расул ва Камолиддин Раббимов сўз юритади.

Камолиддин Раббимов: Асосий сабаб – нефт. Дунё аҳолиси аллақачон 8 миллиарддан ошди. Нефт эса глобал иқтисодиёт томиридаги қонга тенг ресурс ҳисобланади. Келажакда нефтнинг ўрни камайиши кутилмоқда, лекин бугун у ҳануз асосий манба. Коллектив Ғарб назоратидан ташқарида катта нефт захираларига эга учта давлат бор: Россия, Эрон ва Венесуэла. 1990 йилларда аниқланган маълумотларга кўра, Саудия Арабистони 250 млрд баррел билан биринчи ўринда, Ироқ 150 млрд баррел билан иккинчи, Венесуэла эса 112 млрд баррел билан учинчи ўринда эди. Бироқ бугунги кунда Венесуэланинг захиралари ҳатто Саудия Арабистонидан ҳам кўп экани айтилмоқда. Демак, ҳозирги пайтда дунёдаги энг йирик нефт захираси айнан Венесуэлада.

Шуҳрат Расул: Аммо бу нефтнинг ўзига хос муаммолари бор: у жуда чуқур қатламда жойлашган, қазиб олиш қийин ва таннархи юқори.

Камолиддин Раббимов: Шунга қарамай Венесуэла Ғарб таъсиридан ташқарида турган, улкан ресурсларга эга давлат сифатида алоҳида эътибор қаратилади. Лотин Америкаси миқёсида ҳам у энг йирик нефт захираларига эга мамлакатдир. Бироқ сиёсий тизим муаммоли. Венесуэла – авторитар давлат. Ҳозирги президент Николас Мадуро аввалги раҳбар Уго Чавеснинг шифокори бўлган. Чавес вафотидан олдин уни ўз ўрнига тайинлаган. Мамлакатда сайловлар кўп ҳолларда сохталаштирилади, ижтимоий-иқтисодий вазият эса ниҳоятда оғир. Санкциялар, технологияларнинг етишмаслиги ва ички инқирозлар иқтисодиётни издан чиқарган. Россия–Украина уруши бошланганида ҳам АҚШ Венесуэла билан музокара қилишга уринди, лекин Мадуро ҳануз Россия президенти Путин томонида туриб келмоқда.

Шуҳрат Расул: 20 августдан бошлаб вазият кескинлашди: АҚШ Венесуэла яқинига “Arleigh Burke-class” туркумидаги учта қудратли эсминецни жойлаштирди. Ҳар бирида 300 га яқин ҳарбий хизмат қиладиган бу кемалар ҳаводан, денгиздан ва ер устидан ҳужумга қарши кураша олади. 23 август куни президент Николас Мадуро буни “Венесуэла суверенитетига таҳдид” деб баҳолаб, шов-шув кўтарди ва 15 минг аскар, икки дивизия Колумбия чегарасига юборилди, 4,5 миллион фуқаро қуроллантирилди.

АҚШнинг асосий эътирози – наркотиклар. Венесуэла сўнгги 15 йил давомида АҚШ учун бош оғриққа айланган. Энг катта сабаб – наркотик савдоси. АҚШ Мадуро режимини наркокартелларга шерикликда айблайди ва ҳатто президентнинг “боши учун” 50 миллион доллар мукофот эълон қилган. Мадуро эса аксинча, ўзини “наркотикларга қарши курашчи” сифатида кўрсатишга уринади.

Аслида эса Ғарб матбуотига кўра, Мадуро Колумбиядаги картеллардан фойда олиб, оғир иқтисодий инқирозни енгиллаштиришга уринмоқда. Мамлакатдаги энг кам иш ҳақи атиги 0,90 центни ташкил қилади. Миллионлаб одам Колумбияга қочиб кетган, чегара эса деярли назоратсиз қолган. Бу ҳудудда нарко гуруҳлар ўзаро тўқнашиб туради, ҳар икки томоннинг ҳарбийлари ҳам уларнинг ёнини олади. Вазиятни на Венесуэла, на Колумбия назорат қила олмоқда. Колумбия президенти Густаво Петро қўшни мамлакат қўшин юборганига қарамай, кескин чоралар кўрмади, балки Венесуэлани қўллаб-қувватлашга мойиллик билдирди. Умуман, Пабло Эскобар давридан бери картелларнинг кучи пасаймаган.

Шунингдек, яна бир версия мавжуд: 2025 йил охирида Венесуэлада сайловлар бўлиб ўтади. Айримлар АҚШнинг босими шу жараёнга таъсир кўрсатишга қаратилган деб ҳисоблайди. Лекин кўпроқ эҳтимолий сабаб – наркотикларга қарши курашда. Шу сабабдан Трамп ҳукумати тартиб ўрнатиш режасининг бир қисми сифатида наркотрафикка қарши курашни олдинга сурмоқда.

Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Муаллиф Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид