Жаҳон | 23:46 / 22.09.2025
10905
5 дақиқада ўқилади

Янги Зеландия аҳолиси бир кечада «695 миллиардга» етди

2025 йил сентябр ойи бошида Янги Зеландия аҳолиси ва меҳмонлари ноодатий сарлавҳа билан тўқнаш келди: «Мамлакат аҳолиси бир кечада 5 миллиондан 695 миллиардгача ўсди». Бир қарашда бу фантастика ёки статистик хатодек туюлади. Аммо рақам ортида — Табиатни муҳофаза қилиш вазирлиги (Department of Conservation, DOC) томонидан экологияга эътиборни кучайтириш мақсадида йўлга қўйилган катта кампания турибди.

Фото: iStock

1 сентябр куни Табиатни муҳофаза қилиш вазирлиги (DOC) Янги Зеландия аҳолиси 695 миллиардга етганини эълон қилди. Ҳисоб-китобларга фақат одамлар эмас, балки ҳайвонлар, ҳашаротлар, балиқлар, қушлар, дарахтлар, ўсимликлар ва микроорганизмлар ҳам киритилди. Умумий ҳисоб астрономик даражага етди — 695 миллиард тирик мавжудот.

Бу рақам рамзий аҳамиятга эга: у аҳолига Янги Зеландия нафақат инсонлар уйи, балки ноёб экотизим эканини, унда ҳар бир турнинг табиий мувозанатни сақлашда роли борлигини эслатиши керак.

Ташаббус «Always Be Naturing» («Ҳар доим табиат билан бирга бўл») деб номланди. Кампаниянинг асосий мақсади — атроф-муҳитнинг ноёблиги ва нозиклигини, флора ва фаунанинг бойлигини, шунингдек, иқлим инқирози ва инсон фаолияти олиб келаётган таҳдидлардан халқни яна бир бор хабардор қилиш.

DOC вакилларига кўра, кўплаб аҳоли табиатни фақат туризм ва дам олиш манзараси сифатида қабул қилади. Асосий чақириқ эса шундай: «Биз ёлғиз яшамаймиз — мамлакатимиз миллиардлаб мавжудотларга тегишли ва биз уларни асраш учун масъулмиз».

Журналистлар ва оммавий ахборот воситалари бу ёрқин сарлавҳани тезда тарқатишди. RNZ, Focus ва IFLScience каби нашрлар бу ҳақда мақолалар чоп этди. Сарлавҳаларда асосий урғу шундай контрастга қаратилди: «5 миллиондан 695 миллиардга».

Ижтимоий тармоқларда баъзи фойдаланувчилар аввал хабарни хатолик ёки ҳатто ҳазил деб қабул қилди. Аммо гап флора ва фауна ҳақида экани аниқ бўлгач, кўпчилик бу усулни муваффақиятли деб баҳолади: бундай ёндашув инсоннинг қанча «қўшнилари» борлиги ҳақида ўйлантириб қўяди.

Янги Зеландия азалдан сўлим табиати билан машҳур: Бу ерда 80 000 дан ортиқ ҳайвон ва ўсимлик турлари мавжуд. Мамлакат ҳудудининг тахминан 30 фоиз қисми ўрмонлар билан қопланган. Кўплаб турлар эндемик бўлиб, уларни дунёнинг бошқа ҳеч қайси жойида учратиб бўлмайди.

Бироқ экологлар огоҳлантирмоқда: иқлим ўзгариши, ўрмонларни кесиш, океанларни ифлослантириш ва бегона турларнинг кириб келиш хавфи экотизимга жиддий таҳдид солмоқда. DOC бу ташаббуси билан одамларга табиатни асраш муҳимлигини яна бир бор эслатиши лозим.

695 миллиард рақами қаердан келди? DOC маълумотларига кўра, ҳисоб-китоблар илмий моделларга асосланган. Улар турларнинг маълум сонини, популяциялар зичлигини ва экотизим кўламларини ҳисобга олади. Албатта, бу тахминий рақам, аммо у биохилмахилликнинг кўлами ҳақида тасаввур беради.

Солиштириш учун: Янги Зеландияда инсонлар сони тахминан 5,2 млн. Ер шаридаги умумий аҳоли — 8,1 млрд атрофида. Янги Зеландиядаги тирик мавжудотлар эса — 695 млрд. Бундай таққослаш одам аслида экотизимда озчилик эканини яққол кўрсатади.

Янги Зеландиянинг «янги аҳолиси» ҳақидаги хабар дунё бўйлаб тезда тарқади. «New Zealand wakes up with 695 billion citizens» («Янги Зеландия 695 миллиард аҳоли билан уйғонди») каби сарлавҳалар йирик нашрларда пайдо бўлди. Кўплаб ОАВ ҳукуматнинг креатив ёндашувини қайд этди: одатдаги маърузалар ўрнига у қизиқарли ва унутилмас усулни танлади. Бундай ташаббусни дунёдаги бошқа мамлакатлар ҳам ўрнак сифатида қабул қилиши мумкин.

Мутахассислар фикрича, бу қадам Янги Зеландиянинг «экологик идентификацияси»ни кучайтиради. Мамлакат аллақачон экотуризм ва миллий боғлари билан машҳур. Энди эса у яна бир бор одамларга табиат муаммоларини унутмасликни эслатмоқда. Агар кампания муваффақиятли чиқса, яқин келажакда яна янги ташаббуслар пайдо бўлиши мумкин.

Янги Зеландиянинг «695 миллиард аҳоли» ҳақидаги хабарлари — статистик хатолик ёки фантастика эмас. Бу — аниқ режалаштирилган экологик акция бўлиб, мақсад — табиатнинг кўламини кўрсатиш ва инсонларни уни асрашга ундаш. Ҳақиқатда одамлар сони ҳануз 5 миллион атрофида. Бироқ DOC ташаббуси шундай хулосага олиб келади: Янги Зеландиянинг ҳақиқий эгалари — миллионлаб турли тирик мавжудотлардир.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид