Жаҳон | 23:15 / 25.09.2025
21189
5 дақиқада ўқилади

Қатар нега Исроил ҳужумига жавоб бермади?

Азизлар, бугун яна Исроилнинг Қатарга берган зарбаси ҳақида гаплашамиз. Бу мавзуда эълон қилган олдинги видеомизда Қатар нега Исроилга жавоб бермаслигини алоҳида муҳокама қилишимизни айтгандим. Қуйида шу ҳақда.

Давлат бу...

Кўрган бўлсангиз керак, Қатар Исроил ҳужумини қоралаш учун Доҳада барча мусулмон давлатларни йиғиб, «қоралаш мажлиси» ўтказди. Унда Исроил манзилига бир-биридан қора қоралашлар ёғдирилди. Лекин бу қоралашлар Нетаняҳу ҳукуматининг исталган йўналишига ракета ёғдиришини тўхтата олмади. Чунки ракеталарни тўхтатиш учун ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими, қирувчи самолётлар керак, қоралаш ва баёнотлар эмас.

Мен олдинги видеода ҳам айтгандим, ҳозир яна такрорламоқчиман: Қатар Исроилга ҳарбий жавоб бермайди, беролмайди ҳам. Бунинг биринчи сабаби ҳарбий қудратда. Ҳозир Қатар армиясида Америкада ишлаб чиқарилган бир-биридан кучли қуроллар бор, араблар Вашингтондан қурол сотиб олиш учун пулни аямайди. Лекин қуролни омборда сақлаш ва уни ишлатиш бошқа нарса. Қатар армияси зобитлари бу қуроллардан фақат машғулот даврида отиб кўришади. Кўчада кетаётган қатарликка қурол берсангиз, аниқ уни ишлата олмайди.

Лекин Исроилда исталган эркак қурол ишлатишни билади. Энг кўп аёл ҳарбий хизматчиси бор давлат ҳам АҚШдан кейин Исроил бўлса керак. Бу тўлалигича милитаризация қилинган, ташкил этилганидан буён уруш ҳолатида бўлган давлат. Қатар Исроилга жавоб берса, Тел-Авив энди Ҳамас объектига эмас, Қатарнинг ҳарбий объектига зарба беришини араблар жуда яхши билишади.

Яна бир жиддий сабаб давлат ва одамлар ўртасидаги муносабат. Албатта, Қатар зўр давлат, араб давлатлари орасида энг фаровони деса ҳам бўлади. Лекин ҳукумат ва инсонлар ўртасидаги муносабатда муҳаббат дейсизми, садоқат ёки ватан учун туриб беришми, хуллас нимадир етишмайди. Масалан, Туркия ағдарилиш ёқасига келиб қолган, маҳаллий телеканаллар ҳам исёнчилар қўлига ўтган бир пайтда Эрдўған Facetime орқали туркларни ёрдам учун майдонларга чорлаганда, бутун халқ кўчага чиқиб исённи бостирганди. Агар ўшанда турклар кўчага чиқмаса, давлат катта эҳтимол ағдариларди, чунки армия исёнчилар томонда эди.

Энди худди шунақа вазият Қатарда бўлиб қолса-ю, жаноб амир қатарликларни ёрдамга чорласа, улар кўчаларга чиқади деб ўйлайсизми? Менимча, чиқишмайди. Буни қарангки, давлат инсонларга газни, «свет»ни бепул қилиб, газнинг пулини фуқаролар билан бўлишса ҳам, одамлар орасида жон берар даражада авторитети шаклланиб қолмас экан. Ахир туркларда миллат ва давлат биргаликда ривожланган, шаклланган, оғир кунлардан бирга ўтган.

Балки шу учундир, одамлар доим ҳукуматни танқид қилишса ҳам, давлатга ёрдам керак бўлганда кўкракларини тутиб беришади. Бунинг номи эса давлатнинг авторитети дейилади. Халқ уни доим очиқ танқид қилади, азбаройи яхши кўрганидан танқид қилади ва керак пайтда давлат учун туриб беради.

Туркия ва демократик институтлар ишлайдиган, юқорида айтганимиздек, миллат ва давлат биргаликда ривожланган ўлкаларда ҳукумат бир иш қилишдан олдин халқнинг муносабатини ўрганади, фалон ишни қилсам фуқаро нима деркин, Исроилга жавоб бермасам, нима деган одам бўламиз, деб ўйлайди. Ва бундай жамиятда айнан фуқаролар давлатнинг ҳаракат йўналишини белгилаб беради. Исроил Туркияга зарба бериб, Анқара 3-4 кун жим турса, турклар майдонларга чиқиб жавоб талаб қилишади. Чунки бунга ҳадди сиғади, ахир бу халқ кечагина шу давлатни ағдарилишдан сақлаб қолганда.

Лекин демократик институтлар ишламайдиган, халқ давлатнинг ҳаракат йўналишини эмас, ҳукумат фуқаронинг ҳаёт тарзини белгилаб берадиган, биз сизга яхши шароит қилиб берганмиз, сиёсат қилиш бизнинг ишимиз, дейдиган давлатларда бундай бўлмайди. Қатарликлар амирдан Исроилга жавоб беришни майдонларга чиқиб талаб қилишмайди. Чунки халқ ва давлат гўёки қиладиган ишларини бўлиб олгандек, «сен менга тегма, мен сенга тегмайман» қабилида.

Ана шунақа гаплар, азизлар. Демократик институтлар ишлаши давлатни нафақат обод ва шаффоф, балки мард, қўрқмас ҳам қилади. Чунки бундай жамиятларда давлат орқасида бутун бошли халқ турганини ҳис қилиб, ишонч билан ҳаракат қилади...

Ўткир Жалолхонов тайёрлади.
Монтаж устаси – Фахриддин Ҳотамов.

Ўткир Жалолхонов
Муаллиф Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид