Жаҳон | 13:33 / 09.10.2025
2473
3 дақиқада ўқилади

Тихановскаянинг Литвадаги офиси расмийлар туфайли ўз фаолиятини тўхтатди

Светлана Тихановскаянинг Вилнюсдаги офиси Литва расмийларининг сиёсатчини қўриқлаш қоидаларини юмшатиш қарори ортидан фаолиятини тўхтатди. Литва собиқ вазири Ландсбергис бу ҳаракатни мамлакат обрўсига зарба сифатида танқид қилди.

Фото: AP

Беларуслик мухолифатчи сиёсатчи Светлана Тихановскаянинг Вилнюсдаги офиси Литва ҳукумати уни қўриқлаш қоидаларини юмшатиш қарори ортидан вақтинча ёпилди. Қарорга кўра, Тихановскаянинг мамлакатдаги хавфсизлиги бундан буён Раҳбарият хавфсизлик хизматининг «президент, Сейм спикери ёки бош вазир» даражасидаги зобитлари томонидан таъминланмайди, деб хабар берди маҳаллий давлат телевидениеси LRT 8 октябр, чоршанба куни.

Беларус демократик кучлари етакчисининг хавфсизлиги энди давлат ва ҳукумат раҳбарларини эмас, балки чинакам таҳдид остида бўлган шахсларни ҳимоя қилувчи Жиноий полиция бюроси томонидан таъминланади, дейилади баёнотда. «Шунга қарамай, Тихановская Литва давлатининг С тоифали меҳмони, Беларус демократик вакиллиги эса аккредитацияланган тузилма бўлиб қолмоқда», — дея таъкидлади LRT.

Ўз навбатида, Литва бош вазири Инга Ругинене бир кун аввал журналистларга қарор «ҳозирги таҳдид даражаси баҳоланганидан сўнг» қабул қилинганини айтди. «Хавфсизлик бекор қилинмади. Хавфсизлик таҳдид даражасига қараб танланди», деб тушунтирди ҳукумат раҳбари. «Хизматлар ўз вазифаларини аъло даражада бажармоқда, ҳар куни таҳдид даражасини баҳолайди ва шу асосда қандай хавфсизликни қўллаш кераклигини моделлаштиради».

Шу куни Светлана Тихановскаянинг маслаҳатчиси Франак Вячорка DW нашрига хавфсизлик қоидаларини юмшатиш унинг офисига қандай таъсир қилиши ҳақида изоҳ берди. Унинг айтишича, Тихановскаянинг идораси ҳам, сиёсатчининг ўзи ҳам ишини давом эттирмоқда. «Биз ҳозир нима бўлаётганини ва Литва офис хавфсизлигини таъминлаш учун нимани таклиф қилаётганини тушунишга ҳаракат қилмоқдамиз. Биз офисдаги ходимларни уйдан ишлашга жўнатдик. Вазият биз учун кутилмаган бўлди. Сабабларини ҳали тўлиқ тушунмаяпмиз, аммо ечим топамиз», — деди Вячорка.

Беларус демократик кучлари раҳбари DW'га изоҳ беришдан бош тортди. Аввалроқ "Зеркало" нашри сиёсатчининг бошқа маслаҳатчиси Денис Кучинскийга таяниб хабар берганидек, унинг Вилнюсдаги офис ходимлари масофавий ишлашга ўтган, бироқ раҳбарият «янги хавфсизлик тизими тафсилотлари бўйича литвалик ҳамкорлар билан» доимий алоқада. «Офисда асосий оператив гуруҳнинг фақат бир қисми қолмоқда, қолган ходимлар масофавий ишлашга ўтди», — дея қўшимча қилди Кучинский.

Офис илгари 2020 йилда ташкил этилган Беларус демократик вакиллигининг бир қисми сифатида фаолият юритган. Бироқ, вакилларнинг фикрига кўра, у энди ўз вазифаларини аввалги форматда бажара олмайди. «Биз жамоамиз ва ҳамкорларимиз хавфсизлигига таъсир қилиши мумкин бўлган таҳдидлардан хавотирдамиз», — дейилади расмий баёнотда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид