Жаҳон | 14:15 / 14.10.2025
2577
2 дақиқада ўқилади

Путин тинчлик даврида ҳам захирадагиларни жалб этиш ҳуқуқига эга бўлади

Ҳукумат комиссияси Россия Мудофаа вазирлиги томонидан таклиф этилган қўшимчаларни қўллаб-қувватлади, улар нафақат уруш ёки сафарбарлик даврида, балки тинчлик даврида ҳам захирадагилардан фойдаланишга имкон беради.

Фото: Виталий Тимкив / РИА Новости

13 октябр, душанба куни қонунчилик фаолияти бўйича ҳукумат комиссияси Россия Мудофаа вазирлигининг сафарбарлик чақируви резервига киритилган фуқароларга ҳатто тинчлик даврида, шу жумладан, мамлакат ташқарисида ҳам вазифаларни бажаришга чақирилишига рухсат берувчи таклифини маъқуллади.

Мудофаа вазирлиги томонидан таклиф этилган қонун лойиҳаси, хусусан, «Мудофаа тўғрисида»ги федерал қонунга ўзгартиришлар киритишни таклиф қилади. Ҳужжатга кўра, қуролли тўқнашувлар, аксилтеррор операциялари (КТО) содир бўлганда, Россия Қуролли кучлари Россиядан ташқарида қўлланган тақдирда резервдагилар «махсус ҳарбий тайёргарлик»ка чақирилади. Бу ҳақдаги қарор Россия Федерацияси президенти томонидан қабул қилинади, у ҳам бундай йиғинларни ўтказиш тартибини белгилаши мумкин.

Тушунтириш хатида аниқлик киритилишича, бу Мудофаа вазирлиги билан захирада хизмат қилиш учун шартнома имзолаган шахсларга тегишли. Ҳозирда қонун уларни фақат сафарбарлик ёки уруш вақтида вазифаларни бажариш учун чақиришга рухсат беради.

Қонун лойиҳасида резервчилардан турли шароитларда «қўшимча қонунлар қабул қилмасдан» фойдаланиш имконини берувчи «етарли даражада кенг тушунчалар» қўлланган, деб ёзади РБК ахборот агентлиги Давлат думаси мудофаа қўмитаси раҳбари Андрей Картаполовга таяниб. Унинг сўзларига кўра, бу, айниқса, Россиядан ташқарида резервчилардан фойдаланиш масаласига тааллуқлидир, чунки «ҳарбий амалиётлар олиб борилаётган Суми ва Харкив вилоятлари ҳам де-юре мамлакатдан ташқарида жойлашган».

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид