Иқтисодиёт | 10:28 / 23.10.2025
1583
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон–Корея AI ечимларини молия тизимига киритади

Иқтисодиёт ва молия вазирлигида Корея Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Вон До-Йон билан учрашув бўлиб ўтди. Томонлар давлат харидларини рақамлаштириш ва молия-ғазначилик тизимларига сунъий интеллект ечимларини жорий этиш бўйича ҳамкорликни чуқурлаштиришга келишиб олди.

Фото: Иқтисодиёт ва молия вазирлиги

Учрашувда вазирлик раҳбарияти — биринчи ўринбосар Илҳом Норқулов, ўринбосар Гулнора Раҳимова ҳамда Ғазначилик қўмитаси раиси Абдулазиз Ҳайдаров иштирок этди. Суҳбат давомида сунъий интеллект технологияларини давлат бошқаруви жараёнларига, хусусан, давлат харидлари жараёнларига татбиқ этиш истиқболлари кўриб чиқилди ва бу йўналишда кореялик экспертларни жалб қилиш режалари белгилаб олинди.

Томонлар экспертлик ҳамкорлигига алоҳида эътибор қаратдилар: билим ва тажриба алмашинуви, консултатив қўллаб-қувватлаш механизмлари муҳокама қилинди. Шунингдек, AI марказларини ташкил этиш, технологик йўналишларда малакали кадрлар тайёрлашга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари келишиб олинди.

Учрашув якунида инновациялар ва рақамли технологиялар соҳасида шерикликни янада мустаҳкамлашга содиқлик тасдиқланди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид