Жаҳон | 12:54 / 30.10.2025
1359
2 дақиқада ўқилади

Нидерландияда парламент сайлови: «Эркинлик партияси» ва D66 — тенг натижа

Нидерландияда парламент сайловларида бюллетенларнинг 90 фоизи санаб чиқилгандан сўнг, Роб Йеттен раҳбарлигидаги сўл-либерал «Демократлар 66» (D66) партияси ва Герт Вилдерс бошқарадиган ўта ўнг «Эркинлик партияси» янги парламентда ҳар бири 150 ўриндан 26 тадан мандат олиши кутилмоқда.

Роб Йеттен Фото: Robin Utrecht/ANP/AFP/Getty Images

Шу тариқа, D66 партияси олдинги сайловлардаги натижасини уч баробарга яхшилади. «Эркинлик партияси» эса кўрсаткичларини сезиларли даражада ёмонлаштирди. 30 октябр куни тонгда эълон қилинган экзитполлар ва дастлабки натижалар D66’нинг кичик фарқ билан ғалаба қозониши эҳтимолини кўрсатган, «Эркинлик партияси» эса иккинчи ўринни эгаллаши тахмин қилинган эди.

Нидерландияда ҳукумат коалициясини тузиш осон бўлмайди, деган кутилмалар мавжуд: бунга эришиш учун 150 ўриндан камида 76 тасини йиғиш керак — бу эса, одатда, тўрт партия бирлашганда амалга ошиши мумкин.

2023 йилги сайловларда «Эркинлик партияси» биринчиликни қўлга киритиб, 37 депутатлик ўрин олган эди. Жорий овоз бериш ўнг сиёсий кучлар позициясини мустаҳкамлай оладими ёки йўқми, деган синов сифатида баҳоланди.

Кутилмаганда, Европа Иттифоқининг собиқ иқлим бўйича комиссари Франс Тиммерманс раҳбарлигидаги «Меҳнат партияси» ва «Яшиллар-Сўллар» коалицияси заиф натижа кўрсатиб, фақат тўртинчи бўлди ва парламентда 20 та ўринга эга чиқди. Тиммерманс алянс раҳбарлигидан истеъфо берганини маълум қилди.

38 ёшли Роб Йеттен Нидерландия тарихидаги энг ёш бош вазир бўлиши мумкин.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид