Жаҳон | 18:53 / 31.10.2025
2416
2 дақиқада ўқилади

АҚШ ва Ҳиндистон мудофаа соҳасида 10 йиллик шартномани имзолади

АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсетнинг айтишича, Ҳиндистон ва АҚШ ўртасидаги келишув разведка ва технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни кучайтиради. Ҳиндистон Мудофаа вазирлиги раҳбари Ражнатх Сингх «ўсиб бораётган стратегик яқинлашувга» ишора қилди.

Фото: Getty images

АҚШ ва Ҳиндистон мудофаа вазирлари Пит Ҳегсет ва Ражнатх Сингх йирик мудофаа шартномасини тузди. 31 октябрь куни Малайзияда бўлиб ўтган Жануби-Шарқий Осиё давлатлари ассоциацияси (АСЕАН) саммити доирасида томонлар АҚШ ва Ҳиндистон ўртасида 10 йилга мўлжалланган мудофаа ҳамкорлигини мустаҳкамлаш тўғрисидаги ҳадли битимни имзолади.

Ҳегсет сўзларига кўра, шартнома «минтақавий барқарорлик ва тийиб туришнинг пойдевори» бўлиб, икки давлат ўртасидаги мувофиқлаштириш, разведка маълумотлари алмашинуви ва технологик ҳамкорликни чуқурлаштиришга ёрдам беради.

«Бу қуролли кучларимиз учун муҳим қадам, янада чуқур ва мазмунли ҳамкорлик учун йўл харитаси», деди Пентагон раҳбари.

Ўз навбатида, ҳиндистонлик вазир америкалик ҳамкасби билан «самарали учрашувни» юқори баҳолади. Унинг таъкидлашича, келишув Ҳиндистон ва АҚШ ўртасидаги мудофаа соҳасидаги муносабатларда «янги даврни бошлаб беради». Имзоланган ҳужжат икки мамлакатнинг «ўсиб бораётган стратегик яқинлашувини» акс эттиради ва Ҳинд-Тинч океани минтақаси учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга, деди Сингх.

Мудофаа шартномаси Ҳиндистон ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар кескинлашган даврга тўғри келмоқда.

Аввалроқ, АҚШ президенти Доналд Трамп Ню-Деҳлининг Россия нефти импортини тўхтатишдан бош тортиши фонида Ҳиндистон экспортининг бир қисмига 50 фоизлик бож жорий қилган эди. Шундан сўнг Ҳиндистон Америка ҳарбий техникасини сотиб олишни тўхтатди.

АҚШ Россия нефть секторига нисбатан янги божлари жорий этилгандан сўнг, Ҳиндистон Россиядан нефть сотиб олишни тўхтатгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Трампнинг айтишича, буни унга Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди айтган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид