Жаҳон | 09:09 / 01.11.2025
1955
1 дақиқада ўқилади

Трамп Венгрияга РФ нефт секторига қўйилган санкциялар бўйича имтиёз бермади

Венгрия бош вазири Виктор Орбан мамлакатини Россиянинг «Роснефть» ва «Лукойл» нефт компанияларига қарши Қўшма Штатлар жорий этган санкциялардан истисно этишни сўради, аммо АҚШ президенти Доналд Трамп рад жавобини берди.

Фото: AP

31 октябр куни Air Force One президент самолёти бортида журналистлар саволларига жавоб берган Трамп Орбаннинг бу масалада унга бевосита мурожаат қилганини тасдиқлади. «У (Орбан) биздан истисно сўради, биз бермадик, лекин у биздан сўради», — деди Оқ уй раҳбари.

Виктор Орбан аввалроқ 7 ноябр куни бўлиб ўтадиган учрашув пайтида Венгриянинг «алоҳида вазиятда» эканини Трампга тушунтиришга умид билдирди. Сиёсатчининг таъкидлашича, мамлакат энергия таъминотида қувурлар орқали етказиб беришга юқори даражада боғлиқ.

«Венгрия — денгизга чиқиш йўли йўқ мамлакат, — деди Орбан. — Биз Венгрияни энергия билан таъминлайдиган транспорт йўлларига боғлиқмиз. Асосан бу — қувурлар». Унинг сўзларига кўра, Россияга қарши санкциялардан истисно қилишга эришиш учун АҚШга шу «алоҳида вазият»ни тушунтириш зарур.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид