Жаҳон | 10:10 / 03.11.2025
1632
3 дақиқада ўқилади

ҲАМАС яна уч нафар гаровга олинган шахснинг жасадини Исроилга топширди

Қизил Хоч воситачилиги орқали уч нафар ҳалок бўлган гаровдаги шахснинг тобутлари Исроил Мудофаа армияси (ЦАҲАЛ) ва Умумий хавфсизлик хизмати (ШАБАК)га топширилди. Миллий суд-тиббиёт марказида жасадлар экспертизадан ўтказилмоқда.

Фото: Abdel Kareem Hana/AP

Исроил Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати томонидан Ғазо секторида ушлаб турилган яна уч нафар гаровдаги шахснинг жасадларини қабул қилди. Бу ҳақда 2 ноябр куни кечқурун Бинямин Нетаняҳу девони хабар берди. “Исроил Қизил Хоч орқали уч нафар ҳалок бўлган гаровдаги шахснинг тобутларини қабул қилди, улар Ғазо секторида ЦАҲАЛ ва ШАБАК кучларига топширилди”, — дейилади баёнотда.

Кейинроқ Исроил Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили маълум қилишича, жасадлар миллий суд-тиббиёт марказига “шахсни аниқлаш ҳамда ўлим ҳолати ва сабабларини текшириш” учун етказилган, деб хабар берди AFP. Марказ мутахассислари сўнгра ҳалок бўлганларнинг оилалари билан учрашади.

ҲАМАСнинг жанговар қаноти билдиришича, жасадлар аввалроқ 2 ноябр куни секторнинг жанубий қисмидаги туннеллардан бири ёнида топилган. AFP ёзишича, сўз эҳтимол уч нафар аскар ҳақида кетмоқда. Ҳозиргача гаровдаги 28 нафардан 17 нафарининг жасади қайтарилган — шулардан 15 нафари исроиллик, бири Таиланд, яна бири Непал фуқароси.

2023 йил 7 октябр куни ҳамасчилар Исроилга ҳужум уюштиргани Яқин Шарқ можаросининг янада кескинлашувига старт берди. У пайтда жангчилар Исроилга ракета зарбалари бериб, унинг ҳудудига кириб борган ва тахминан 1200 кишини ўлдирган. Шунингдек, 250 нафар одам гаровга олиниб, Ғазо секторига олиб кетилган. Кейинчалик уларнинг бир қисми алмашинув натижасида қайтарилган, яна бир қисми ҳалок бўлган.

Исроил жавобан ҲАМАСга уруш эълон қилди. Қуруқлик операциялари ва Ғазога авиаҳужумлар давомида 68 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди, яна 170 мингдан зиёд киши яраланди. 

13 октябр куни Шарм аш-Шайхда бўлиб ўтган халқаро “тинчлик саммити”да Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича декларация имзоланди. У ерда оташкесим кучга кирди, ЦАҲАЛ яқиндаги жанглар ҳудудининг тахминан ярмидан қўшинларни олиб чиқди. Исроил қарийб 2 минг фаластинлик маҳбусни озод қилди. ҲАМАС жангчилари сўнгги тирик гаровдагиларни қайтарган, аммо ҳалок бўлган айрим гаровдагилар жасадларини ҳали ҳам ушлаб турибди.

Оташкесим шартларига кўра, ЕИ ва АҚШда террористик деб тан олинган ҲАМАС ҳаракати қуролсизланиши ва Ғазо секторидаги ҳокимиятдан четлашиши керак эди. Аммо жангчилар қуролни топширмади ва сиёсий рақибларга нисбатан судсиз қатллар амалга оширгани ҳақида хабарлар бор.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид