Ўзбекистон | 08:48 / 20.11.2025
1354
2 дақиқада ўқилади

Ягона экологик онлайн платформа фаолияти йўлга қўйилади

Президентнинг 2025 йил 18 ноябрдаги қарорига мувофиқ, Экология ва иқлим ўзгариши қўмитаси фаолияти қайта ташкил этилмоқда. Унга кўра, “Экологик мониторинг миллий маркази” ташкил этилади ва 2026 йил 1 сентябрга қадар Ягона экологик онлайн платформа ишга туширилади.

Фото: Shutterstock

“Ўзбекистон Экология ва иқлим ўзгариши қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори (ПҚ–343-сон, 18.11.2025 й.) қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, Экология қўмитасининг “Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ихтисослаштирилган таҳлилий назорат маркази” давлат муассасаси негизида “Экологик мониторинг миллий маркази” давлат муассасаси ташкил этилади.

Экология қўмитаси ўз фаолиятида бевосита Ўзбекистон Республикаси президентига ҳисобдор ҳисобланади.

Шу билан бирга, Қўмита ўз фаолиятини ҳар қандай давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил равишда амалга оширади. Қўмита фаолиятига мансабдор шахслар томонидан аралашувга йўл қўйилмайди.

Ҳужжатга кўра, 2026 йил 1 сентябрга қадар Ягона экологик онлайн платформа фаолияти йўлга қўйилиши белгиланган. У орқали атроф-муҳит ҳолати, мониторинг натижалари ва бошқа экологик маълумотлар ягона тизимда юритилиши кўзда тутилган.

Шунингдек, 2026 йил 1 мартдан бошлаб белгиланган муддатда фон мониторинг станцияларини ўрнатмаган ва уларни Экология қўмитасининг Экологик мониторинг миллий марказига интеграция қилмаган I ва II тоифадаги корхоналарга нисбатан компенсация тўловлари 5 бараварга оширилган ҳолда қўлланади.

Расмийлар таъкидлашича, мазкур чора-тадбирлар экологик назоратни кучайтириш, корхоналарнинг атроф-муҳит муҳофазаси бўйича мажбуриятларини қатъийлаштириш ва экологик ахборотнинг очиқлигини таъминлашга хизмат қилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид