Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Шавкат Мирзиёев Президент Олимпиадаси иштирокчиларини қутлади
Тошкентдаги Олимпия шаҳарчасида 26 ноябрь куни ёшлар ўртасидаги спорт мусобақалари – Президент Олимпиадаси бошланди. Шавкат Мирзиёев тадбирнинг очилиш маросимида иштирок этиб, қатнашчиларни қутлади.
«Мамлакатимизда биринчи марта ўтказилаётган, бутун юртимиз ёшларини Олимпия ҳаракатининг эзгу ғоялари асосида бирлаштираётган ушбу спорт байрами барчамизга муборак бўлсин!», деди давлат раҳбари.
Президент Париж Олимпия ва Паралимпия ўйинлари, Жаҳон универсиадаси, Баҳрайнда ўтказилган Ёшлар ўйинлари ва Саудия Арабистонидаги Ислом бирдамлиги мусобақаларидаги ютуқларни санаб ўтди. Футбол бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси натижаларини, гроссмейстер Жавоҳир Синдоров ғалабасини эслади.
«Энди энг иқтидорли ёшларни селекция қилиш ва уларни катта спортга йўналтириш бўйича мутлақо янги тизим – Президент Олимпиадаси ўйинларини бошлаяпмиз. Мусобақанинг туман ва вилоят босқичларида умумтаълим мактабларидаги спорт тўгараклари, хусусий спорт клублари ва 310 та спорт мактабидан 100 мингдан ортиқ ёшларимиз иштирок этди. Вилоят ҳокимлари ўзлари бош бўлиб, жойларда энг юқори натижага эришган 3 мингдан зиёд ўғил-қизларимизни Президент Олимпиадасига олиб келди. Улар спортнинг 10 та йўналиши бўйича ўзаро беллашувларни бошлади. Ғолиблар махсус совринлар ва пул мукофотлари билан тақдирланади. Энг асосийси, улар терма жамоаларга тўғридан-тўғри йўналтирилади. Аъло даражадаги тайёргарликни давом эттириш учун улар Олимпия ва Паралимпия марказларига қабул қилинади ҳамда ҳар бирига стипендия берилади. Бир сўз билан айтганда, бундан буён ҳар йили ўтказиладиган Президент Олимпиадаси янги иқтидорларни кашф қилиб, самарали селекция тизимига айланади», деди Шавкат Мирзиёев.

Унинг таъкидлашича, келгуси йилдан бошлаб сув спорти, велоспорт, триатлон, қиличбозлик ва жамоавий ўйинлар бўйича ҳам мусобақалар ўтказилиб, Президент Олимпиадасидаги спорт турлари 20 тага етказилади.
Давлат раҳбари келгуси йил 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси, 2027 йилда 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида жаҳон чемпионати ҳамда 2029 йилда Ёшлар Осиё ўйинлари Ўзбекистонда ўтказилишини ёдга олди.
«Президент Олимпиадаси тизими эса ҳеч шубҳасиз, бундай мусобақаларга жавоҳир спортчиларни танлаб олишга, хусусан, 2028 йилда Лос-Анжелесда ўтадиган Олимпия ўйинлари учун ҳар бир ҳудуддан лицензиялар сонини кўпайтиришга хизмат қилади. Келгусида уларнинг орасидан Баҳодир Жалолов, Улуғбек Рашидов, Диёра Келдиёрова, Акбар Жўраев каби жаҳон ва Олимпия чемпионлари албатта етишиб чиқишига ишонаман», деди президент.





Мавзуга оид
20:11 / 26.05.2026
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Қурбон ҳайити билан табриклади
20:24 / 08.05.2026
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Хотира ва қадрлаш куни билан табриклади
22:05 / 04.04.2026
Шавкат Мирзиёев геология соҳаси ходимларини касб байрами билан табриклади
19:50 / 19.03.2026