Ўзбекистон | 09:52 / 04.12.2025
4520
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Президент Олимпиадаси ғолиб ва иштирокчиларини табриклади

Президент Шавкат Мирзиёев Президент Олимпиадаси ўйинларининг ғолиб ва совриндорлари, барча иштирокчилари, уларнинг ота-оналари, устоз ва мураббийларига мурожаат йўллаб, ёш спортчиларнинг ютуқлари, Олимпиада тизимининг шаклланиши ва келгуси режалар ҳақида сўз юритди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Президент Олимпиадаси ўйинларида иштирок этган ёш спортчилар, уларнинг ота-оналари, устоз ва мураббийларига мурожаат қилди.

Давлат раҳбари саралаш босқичларида 100 мингдан зиёд иштирокчилар орасидан танлаб олинган қарийб 3 минг нафар энг кучли спортчилар Олимпиаданинг финал босқичларида муносиб иштирок этганини алоҳида қайд этди.

Президент оғир атлетика, енгил атлетика, юнон-рум кураши ва таэквондо бўйича рекордлар ўрнатган ва амалдаги чемпионларни мағлуб этган ёш спортчилар — Шаҳноза Ҳайдарова, Моҳинур Эсонбоева, Садафбону Нусратуллоева, Қамариддин Худойберганов, Комила Султанова, Умарали Абдужабборов, Мираслава Омелченко каби ёшларнинг натижаларини алоҳида эътироф этди.

Шунингдек, тўрт йил аввал йўлга қўйилган “Беш ташаббус олимпиадаси” орқали кашф этилган 23 нафар ёш спортчи бугунги Президент Олимпиадасида ғолиб ва совриндор бўлгани таъкидланди.

Президент бу мусобақалар ёшлар учун Олимпия руҳи ва ғояларини сингдирадиган, жаҳон ареналари сари олиб чиқадиган катта тажриба мактаби эканини таъкидлади.

Келгуси йилдан бошлаб Президент Олимпиадаси тизимига сув спорти, велоспорт, триатлон, қиличбозлик ва жамоавий спорт турлари ҳам киритилиши, ҳар бир босқичга халқаро спорт мезонлари тўлиқ жорий этилиши маълум қилинди.

Шу билан бирга:

  • тренерлар замонавий методология асосида ўқитилиши;
  • ҳакамлар малакаси оширилиши;
  • спорт мактаблари ва тўгараклар инфратузилмаси яхшиланиши;
  • мусобақалар натижалари очиқ ва шаффоф баҳоланиши таъкидланди.

Президент мусобақаларни юксак даражада ташкил этган ҳудудлар, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, спорт федерациялари, ОТМ ва мактаб жамоалари, волонтёрлар ва спорт мухлисларига миннатдорлик изҳор этди.

Мурожаат якунида Шавкат Мирзиёев ёш спортчиларни тинимсиз меҳнат қилиш, катта марралар сари дадил интилишга чақирди ва келгуси мусобақаларда янада ёрқин ғалабалар тилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид